Шу муносабат билан Тошкент шаҳри «Новза» жоме масжиди имом-хатиби Жалолиддин домла Ҳамроқулов билан суҳбатлашдик. Қурбонлик ҳукми ва аҳкомлари, Зулҳижжа ойининг аввалги 10 кунида қилинадиган амаллар, Арафа куни рўзаси хусусида сўз юритдик.

«Авваламбор, Kun.uz ижодий жамоасини ва у орқали барча ватандошларни яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити байрами билан муборакбод этаман. Бошимизга соя солиб турган Зулҳижжа ойи ҳижрий-қамарий сананинг охирги, 12-ойи ҳисобланади. Динимизда 4 ой ҳаром қилинган ойлар ҳисобланади, булар Муҳаррам, Ражаб, Зулқаъда ва Зулҳижжа ойларидир. Мўмин-мусулмонлар ушбу ойларни қадрлаши, эъзозлаши ва албатта, уларнинг ҳаққини ҳалоллаши керак бўлади», – дея сўз бошлади Жалолиддин домла Ҳамроқулов.

Қандай қилиб бу ойларнинг ҳаққи ҳалолланади?

— Бу ойларда имкон қадар нафл ибодатларни кўпайтириш орқали Аллоҳга қурбат ҳосил қилишлик билан бўлади. Хусусан, Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни – Ашри Зулҳижжа дейилади, ушбу 10 кунда қилинадиган савобли амаллар ажри жуда ҳам улуғ.

Имом Бухорий ва Имом Муслимдан келтирилган ҳадиси-шарифда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен Аллоҳнинг наздида Зулҳижжанинг аввалги 10 кунида қилинган солиҳ амалларга бериладиган савобли амалларни топмадим», – дедилар. Биз: «Ё Расулаллоҳ, Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчи ҳамми?», – дедик. «Ҳа, магар у моли ва жони билан чиқса-ю, ундан ҳеч нарсаси қайтмаса, мустасно», – деган эканлар.

Яъни, бу муборак 10 кунда қилинадиган солиҳ амаллар ажри Аллоҳ ҳузурида янада кўпроқ бўлади. Демак, мўмин-мусулмонлар кўпроқ хайрли ишларни қилишса, кўпроқ савобга эга бўлишади, иншааллоҳ.

Зулҳижжа ойининг рўзасини кимлар тутади?

— Имом Табаронийдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳнинг одатлари зикр қилинади. Унда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари, ойнинг ойдин кечалари, яъни 13, 14 ва 15-кечалари ҳамда Зулҳижжа ойининг аввалги 10 кунида нафл рўза тутардилар, деган мазмунда ҳадис келади. Уламолар, мана шундан келиб чиқиб, имкон топган, сиҳати кўтарса, шу ойнинг фазилатидан баҳраманд бўлишни истаганлар нафл рўза тутганлари афзал, дейдилар.

Чунки, фарз бўлган Рамазон рўзасини тутишликда узрлик инсонларга ён босилган ёки бошқа кунда тутиб бериш рухсат берилган берилган экан, нафл бўлган ибодатда ҳар ким ихтиёри ўзида бўлади.