Ўзбекистон | 18:10 / 30.07.2020
55956
2 дақиқада ўқилади

Бухоронинг собиқ ва ҳозирги ҳокимлари коронавирусга чалинган

Бухоро вилоятининг собиқ ҳокими, ҳозирда бош вазир ўринбосари бўлган Ўктам Барноев коронавирусга чалиниб даволанмоқда. Шунингдек, Бухоро вилоятининг ҳозирги раҳбари Карим Камоловда ҳам коронавирус аниқланган.

Ўзбекистон бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Барноевга коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган ва у айни вақтда шифохонада даволанмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Собиров, Коронавирусга қарши кураш штаби аъзолари иштирокида АОКАда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазият юзасидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

«Тасдиқлай оламиз. Ҳозир бемор коронавирус билан касалланган», деган  Республика ихтисослаштирилган Эндокрионология  илмий-амалий тиббиёт маркази директори Анвар Алимов.

Ҳозирча у қачон ва қайси шифохонага ётқизилгани, унинг ҳозирги аҳволи ҳақида батафсил маълумот йўқ.

Тадбирда шунингдек, Коронавирусга қарши штаб аъзоси Ҳабибулла Оқилов томонидан Бухоро вилоятининг ҳозирги ҳокими Карим Камолов ҳам коронавирусдан даволанаётгани маълум қилинган.

«Ҳозирги кунда Қорақалпоғистонда Муса Тажетдинович, шунингдек, Сурхондарё ва Бухоро ҳокимлари даволанишда», деган у.

Камаловнинг ҳолати ҳақида ҳам ҳозирча қўшимча маълумот берилмади.

Эслатиб ўтамиз, шу вақтгача Ўзбекистоннинг икки ҳудуди раҳбарлари - Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов коронавирусга чалиниб, шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар қилинганди. Тўра Боболовнинг соғлиги тикланмоқда, Муса Ерниязов эса оғир аҳволда ва у ўпканинг сунъий вентиляция аппаратига уланган.

  • 2016 йил февралидан буён Бухоро вилоятига раҳбарлик қилиб келган Ўктам Барноев 2020 йилнинг февралида бош вазирга ўринбосар бўлганди. Унинг ўрнига 2017 йилдан буён Бухоро шаҳри ҳокими сифатида ишлаб келган Карим Камолов вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.

Мавзуга оид