Kun.uz мухбири Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг тегишли бошқарма бошлиқлари билан телефон орқали интервью уюштирди ва қабул жараёнлари ҳамда бошқа масалалар борасидаги саволларга жавоб олди.
– Маълумки, 11 йиллик таълим қайта йўлга қўйилгандан кейин кўплаб лицей ва касб ҳунар коллежлари тугатилди. Бизга касб-ҳунар коллежи ўқитувчиларидан жуда кўп мурожаатлар бўлмоқда. Унга кўра, шу пайтга қадар касб-ҳунар коллежларида дарс бериб келган кўплаб ўқитувчилар ишдан бўшатиб юборилмоқда. Вазирликнинг масъул бошқармаси шу каби ўқитувчилар тақдирига нега бефарқ қарамоқда? Бу масала ўзининг ижобий ечимини топадими?
Ўткир Алижонов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи

– Ўзбекистон президентининг 2018 йил 25 январдаги «Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5313-сон фармонига асосан умумий ўрта таълим мактабларида 10- ва 11-синфлар ташкил этилиши муносабати билан касб-ҳунар коллежларида ўқув соатлари ва штат бирликлари қисқарди.
Штатлари қисқарган ўқитувчилар, ишлаб чиқариш таълими усталарини иш билан таъминлаш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус ва Халқ таълими вазирлиги ўртасида ҳамкорлик ўрнатилган.
Хусусан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан дарс соатлари ва штат бирликлари қисқарган касб-ҳунар коллежларининг ўқитувчилари, ишлаб чиқариш таълими усталарини иш билан таъминлашда кўмак бериш мақсадида уларнинг номма-ном рўйхатлари шакллантириб Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Халқ таълими вазирликларига тақдим этилди.
Халқ таълими вазирлиги умумтаълим мактабларида 10- ва 11-синфлар очилиши ҳисобидан шаклланган дарс соатлари ва ташкил этилган штат бирликларига юқоридаги штати қисқарган умумтаълим фан ўқитувчиларини ва ишчи-ходимларини ишга қабул қилиб келмоқда.
2019 йилда дарс соатлари ва штат бирликлари қисқарган 37454 нафар ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарига ишга жойлашишга кўмак кўрсатилди.
Президентнинг 2019 йил 6 сентябрдаги «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5812-сон фармонига асосан 2020/2021 ўқув йилидан янги профессионал таълим тизими ташкил этилмоқда.
Бугунги кунга қадар 339та касб-ҳунар мактабларига 70 мингдан ортиқ 9-синф битирувчиларининг ҳужжатлари онлайн платформа орқали қабул қилинди. Шу билан бирга, коллежлар ва техникумларга ҳам янги ўқув йили учун ўқувчиларни қабул қилишга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
















