Ҳар қандай термометр ягона принцип – тана ажратаётган иссиқликни ўлчов шкаласидаги рақамларга айлантириб бериш асосида ишлайди.

«Аргументы и факты»нинг ёзишича, термометрнинг ҳар бир шакли –ўзининг қўлланиш соҳаси, камчилик ва устунликларига эга.

Симобли термометр

Афзаллиги: энг кенг тарқалган термометр тури. Ҳароратни кўрсатиш аниқлиги жуда юқори – хатолик 0,1 даражага бўлиши мумкин.

Камчилиги: жуда нозик ва қисқа муддатга хизмат қилади. Синиб кетиши осон, натижада ичидаги симоб ҳавога тарқалиб, хавф туғдириши мумкин. Ҳароратни ўлчаши ҳам кўпроқ вақт талаб этади – 5-7 дақиқа ушлаб туриш керак.

Галинстанли термометр

Афзаллиги: бу термометр ўзида симобнинг ўрнида галлий, индий ва қалай аралашмаси – галинстан моддасини сақлайди. Хавфсиз, синган тақдирда ҳам атрофга хавф туғдирмайди.

Камчилиги: фойдаланиш қийинроқ. Ишлатишдан аввал жуда қаттиқ ва узоқ вақт силкитиш талаб этилади.

Электрон термометрлар

Улар ихчам ва чиройли кўринишга эгалиги билан афзал бўлиши мумкин, аммо хато кўрсаткични бериши эҳтимоли юқори. Маълумки, электрон термометрлар бир неча сонияда натижани чиқариб берди – ҳамма муаммо шунда. Қисқа фурсат ичида тана ҳароратини аниқ кўрсатиб бериб бўлмайди.

Электрон термометр ўлчаш жараёни тугагани ҳақида сигнал беради, аммо сигналга қарамай 5-7 дақиқа давомида уни тутиб туриш мақсадга муовфиқ, шунда натижа ҳаққоний чиқиши мумкин. Аммо баъзи электрон термометрлар сигналдан кейин автоматик тарзда ўчиб қолади, шу боис сигналдан кейин ҳам ўлчашда давом этиш функциясига эга моделни танлаш мумкин.

Электрон термометрлар натижасининг ноаниқлиги сабабларидан яна бири унинг қон томирлари билан қанчалик яқин контактга киришишига боғлиқ. Ҳарорат аниқ ўлчаниши учун термометр қон томирларига яқин юза (мисол, оғиз бўшлиғи)га қўйилиши керак.

Шунингдек, электрон термометрни вибрация, қуёш нурлари ва электрон ускуналар таъсиридан узоқда тутиш керак.