Тана ҳарорати 36,6 °C бўлиши керак, деган гап миф. Ҳар кимда шахсий меъёр шаклланади, у ўртача 35,9 дан 37,2 °C гача ўзгариб туради.

Шифокорга қачон бориш керак?

Тана учун қандай ҳарорат нормал ҳисобланиши аниқлаб олингандан сўнг, қайси ҳолат хавотирга сабаб бўлишини тушуниш осонроқ бўлади.

Тана ҳарорати 34,9 дан 35,2°C гача бўлса

Агар кишида қалқонсимон без муаммолари (гипотиреоз) кузатилса, яқинда антибиотиклар билан даволанган бўлса, радиация таъсирига учраган ёки ичкиликбозликдан кейин ўзини ёмон ҳис қилаётган бўлса, ҳарорат ўлчагич устуни шундай паст кўрсаткичга тушиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам дарҳол касалхонага бориш тавсия этилади.

Термометр кўрсаткичлари 34,9°C дан паст бўлса, бу тез ёрдам чақириш учун жиддий сабаб ҳисобланади.

Тана ҳарорати 35,3 дан 35,8°C гача бўлса

Бундай рақамлар одамда сурункали чарчоқ синдроми ёки жиддий тушкунлик ривожланаётганидан дарак беради. Ҳиссий муаммолардан ташқари, термометр устунидаги ушбу кўрсаткичлар жигар ёки ўт пуфаги билан боғлиқ муаммоларга ёхуд қандли диабетнинг дастлабки босқичи бошланганига ишора қилиши мумкин.

Мутахассисга мурожаат қилиш зарур. Бунда овқатланиш тартибини қайта кўриб чиқиш, кўпроқ ухлаш ва тез-тез спорт билан шуғулланишни маслаҳат берилиши мумкин. Лекин бу хавфли касалликнинг дастлабки аломатларини ўтказиб юборишдан афзалроқ, чунки асоратларнинг олдини олиш учун даволашни иложи борича эртароқ бошлаш керак.

Тана ҳарорати 35,9 дан 36,9°C гача бўлса

Сиз соғломсиз, терморегуляциянгиз ҳам яхши ишлаяпти.

Тана ҳарорати 37,0 дан 37,3°C гача бўлса

Чегарадаги ҳолат. Бундай кўрсаткичлар зарарсиз сауна, иссиқ ваннага тушиш, спорт залига бориш ёки аччиқ таом истеъмол қилишдан кейин кузатилиши мумкин. Агар юқорида санаб ўтилган нарсаларнинг ҳеч бири билан шуғулланмаган бўлсангиз, бу қалқонсимон без муаммоларининг (гипертиреоз) дастлабки аломатлари ёки сурункали касаллик белгилари бўлиши мумкин. Ички қон кетиш, тиш оғриғи ёки заҳарланиш ҳолатларида ҳам термометр устуни худди шундай даражага кўтарилади.

Шифохонага ташрифдан олдин иситма туширувчи воситаларни қўлламаган маъқул, бу аниқ ташхис қўйишга тўсқинлик қилади.