ЎзА сайтида бугун Нукусда таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари Ерниязов Муса Тажетдинович 73 ёшида вафот этгани ҳақида расман хабар берилди. Бу маълумот аввалроқ Kun.uz манбалари томонидан тасдиқланганди.
Муса Ерниязов коронавирусга чалингани ҳақида июль ойи бошида хабар тарқалганди. 18 июль куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги у Нукус шаҳрида коронавирусдан даволанаётганини тасдиқлади.
25 июль куни ижтимоий тармоқларда Муса Ерниязовнинг вафоти ҳақида хабарлар тарқалган, аммо ССВ бу маълумотни рад этганди.
30 июль куни Коронавирусга қарши курашиш штаби Ерниязовнинг аҳволи оғирлиги, у ўпканинг сунъий вентиляцияси аппаратига улангани ҳақида маълум қилганди.
Муса Ерниязов 1947 йил 20 декабрда Кегейли туманида туғилган. 1971 йили Тошкент қишлоқ хўжалигини ирригациялаш ва механизациялаш муҳандислари институти, 1986 йили Тошкент олий партия мактабларини битирган. 2019 йил «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.
1983–1989 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси уй-жой коммунал хўжалиги вазири, 1989–1990 йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг доимий вакили сифатида фаолият кўрсатган.
2000–2001 йилларда Чимбой тумани ҳокими, 2001–2002 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг индустрияни ривожлантириш, қурилиш ва коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари бўлган.
2002 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг раиси – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари эди.
Қорақалпоғистон Республикасининг конституцияси
















