Қўшкўпир тумани, Қатағон қишлоғининг «Араблар» маҳалласи, Спутник шаҳарчасининг «Тараққиёт» маҳалласи аҳолиси ва шу ҳудудда фаолият юритаётган бир қанча фермерлар экинларни суғориш учун сув йўқлигидан шикоят қилишди.

Иккита маҳалла ҳудудидан ўтувчи «Ўнг тармоқ Қулобод» каналида 3 йилдан бери сув танқис. Натижада, деҳқончилик қилиш, чорвачилик ва балиқчилик билан шуғулланиш тобора имконсиз бўлиб бормоқда. Одамлар томорқадан фойдаланишда, сабзавот етиштиришда, боғ қилишда қийналишмоқда. Катта маблағ сарфлаб йўлга қўйилган тадбиркорлик фаолияти ҳам сўроқ остида турибди.

Эркин Рўзимов эл-юрт дастурхонини балиқ маҳсулотлари билан тўлдириш, ўзи ҳам даромад олиш мақсадида «Рўзимов Абдулла» фермер хўжалигини ташкил қилиб, яхши ниятда иш бошлаган тадбиркорлардан бири. Аммо сувсизлик муаммоси фермернинг ишини барбод қилиб, қарзга ботириб юборган.

«4,5 гектар ер олиб, балиқчилик соҳаси бўйича иш бошладим. Шундан 3 гектарини ҳовуз учун қаздирдим, тайёрладим. Иш бошлаганимда «Ўнг тармоқ Қулобод» каналида сув бўлармикан, деган ҳадик бор эди. Аммо раҳбарлар сув бўлишига ишонтиришди, ваъдалар беришди. Афсуски, 2020 йилда каналдан бир челак ҳам сув келмади. Натижада, атиги 0,1 гектар ерда сув қолди, холос. Кўлга қўйиб юборилган балиқчаларнинг кўпчилиги нобуд бўлди. Қарзга ботиб кетдим. Кузда мендан балиқ маҳсулотини топшириш режаси сўралади. Уни қандай бажараман?», деб куюнди Эркин ака.

«Зоҳиджон Қўшкўпир» оилавий корхонаси раҳбари Зоҳиджон Нурметов жуда катта маблағ сарфлаб қилаётган тадбиркорлик фаолияти хавф остида тургани, қурғоқчилик туфайли маблағи ва меҳнати зое кетиши мумкинлигидан шикоят қилди.

«Оилавий корхонамиз гўшт-сут йўналиши бўйича фаолият юритади. «Араблар» маҳалласи ҳудудида катта фермамиз бор. Қарамоғимизда Швейцариянинг «Симменталь» зотли 131 шартли бош қорамол бор. Бу ишга ўз маблағимдан 3,5 миллиард сўмни сарфлаганман, яна шунча миқдорда кредит олганман. Сувсизлик туфайли чорвамиз учун ем-ҳашак етиштириш муаммога айланмоқда. «Ўнг тармоқ Қулобод» каналида сув йўқ, натижада экинларимиз сувсиз қолган, қовжираб боряпти. Шикоят қилмаган жойимиз қолмади. Бундай шароитда қандай тадбиркорлик қилиш мумкин? Чорвачилик билан шуғулланувчилар қўллаб-қувватланмаса, бозорда гўштнинг нархи пасаярмиди?», деди у.