Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда тўлов-контракт асосида ўқитиш миқдорларини қайта кўриб чиқиш масаласи муҳокамалар марказига чиқмоқда. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги олий таълим муассасаларида ўқитишнинг минимал харажатлари тўғрисида аниқ мисолларни ортиқча изоҳларсиз келтириб ўтди.

Қайд этилишича, бугунги кунда республика олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кундузги таълим шаклида бир талабани бир йиллик ўқитиш харажатининг энг кам миқдори (стипендиясиз) 9,3 млн. сўмни ташкил этмоқда.

Жумладан, профессор-ўқитувчи, ходимлар иш ҳақлари ва иш берувчининг ижтимоий тўлови учун 7,9 млн. сўм (умумий харажатга нисбатан 85,4 фоиз), бошқа жорий сақлаш харажатлари учун 1,4 млн. сўм (умумий харажатга нисбатан 14,6 фоиз) шундан, коммунал харажатлар учун 0,3 млн. сўм (умумий харажатга нисбатан 2,8 фоиз).

Амалда эса базавий тўлов-контракт миқдори (стипендиясиз) 6,4 млн. сўм этиб белгиланган бўлиб, жорий сақлаш харажатларининг 69 фоизни қопламоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳар бир базавий тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар ўқитишнинг минимал харажатлари учун тўловларни 2,9 млн. сўмга кам тўламоқда. Мазкур харажатлар олий таълим муассасалари томонидан оширилган (“супер”) контракт ва давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиб келинмоқда.

Маълумот учун, ҳисоб-китоблар бугунги кунда республика олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиётган талабаларнинг 80 фоиздан ортиғи ўқиётган таълим йўналишларига тегишли.

Шу билан бир қаторда, санъат таълим йўналишларида ўқитиш харажатининг энг кам миқдори 21,9 млн. сўмни ташкил этгани ҳолда, жумладан, профессор-ўқитувчи, ходимлар иш ҳақлари ва иш берувчининг ижтимоий тўлови учун 20,5 млн. сўм (умумий харажатга нисбатан 93,8 фоиз), бошқа жорий сақлаш харажатлари учун 1,4 млн. сўм (умумий харажатга нисбатан 6,2 фоиз) шундан, коммунал харажатлар учун 0,3 млн. сўм (умумий харажатга нисбатан 1,2 фоиз), базавий тўлов-контракт миқдори (стипендиясиз) 7,8 млн. сўм этиб белгиланган бўлиб, харажатларнинг 35,5 фоизни қопламоқда.

Худди шундай соғлиқни сақлаш таълим йўналишларида ҳам ўқитиш харажатининг энг кам миқдори 13,5 млн. сўмни ташкил этгани ҳолда, жумладан, профессор-ўқитувчи, ходимлар иш ҳақлари ва иш берувчининг ижтимоий тўлови учун 12,1 млн. сўм (умумий харажатга нисбатан 90,0 фоиз), бошқа жорий сақлаш харажатлари учун 1,4 млн. сўм (умумий харажатга нисбатан 10,0 фоиз) шундан, коммунал харажатлар учун 0,3 млн. сўм (умумий харажатга нисбатан 2,0 фоиз), базавий тўлов-контракт миқдори (стипендиясиз) 9,1 млн. сўм этиб белгиланган бўлиб, жорий сақлаш харажатларининг 67,4 фоизни қопламоқда.