Жумладан, охирги пайтда дунёда Covid-19 инфекциясининг тарқалиши кескин тезлашиб, жами касаллар сони 19 миллионга яқинлашгани, қурбонлар ҳам кўпайгани афсус билан таъкидланди. Вазият ғоят жиддийлигини 31 июлда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти пандемия билан боғлиқ халқаро фавқулодда ҳолатни яна 3 ойга узайтиргани ҳам кўрсатиб турибди.

Мамлакатимизда охирги бир ҳафтада 5 мингдан ортиқ янги касал аниқланиб, жами вирус юқтирганлар сони 27 мингтага яқинлашди. Энг ёмони, корановирусга қўшимча тарзда, асорати оғирроқ бўлган пневмония ҳолатлари ҳам кўпаймоқда.

Ушбу ҳолатни инобатга олиб, юртимизда қўшимча чоралар кўрилди. Жумладан, охирги 20 кунда коронавирусни даволаш ўринлари 3,5 баробарга кўпайтирилди ва қарийб 65 мингтага етказилди.

Жойларга қўшимча равишда қарийб 800та тез тиббий ёрдам машиналари етказиб берилди.

Қўшимча 4 мингта нафас бериш ускуналари (ЎСВ, портатив сунъий нафас бериш аппарати, кислород концентратори) олиб келиниб, уларнинг сони 6,5 мингтага етди.

«Аҳоли ўртасида вирус тарқалишининг олдини олиш ва беморларни даволаш бўйича олиб борилаётган тизимли ишларни янада кучайтирган ҳолда давом эттиришимиз зарур», деди давлат раҳбари.

Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари коронавирус ва пневмонияни даволаш бўйича ҳар томонлама тайёр бўлиши, ҳар бир беморга керакли тиббий ёрдам кўрсатилиши, уларнинг ҳолатидан келиб чиқиб шифохонага ётқизилиши ва даволаниши учун шахсан жавобгар бўлиши қайд этилди.

Жойлардаги бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тизими ишини янада жонлантириш кераклиги таъкидланди.

Мисол учун, пойтахтимизда «оилавий поликлиника – мобил бригадалар – махсус поликлиникалар – «103» тез ёрдам хизмати» тизимининг узвий ишлашини таъминлаш ҳисобига бир ҳафтада соғайганлар улушини 45 фоиздан 58 фоизга оширишга эришилди.

Шу муносабат билан, бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевга ҳокимликлар ва сектор раҳбарлари билан бирга бир ҳафта муддатда «Тошкент шаҳри тажрибаси» негизида ҳудудларда симптомсиз беморларни ўз уйида мобил тиббий гуруҳлар ёрдамида уларнинг кўмак ва тавсиялари асосида даволаш тизимининг жорий этилишини якунлаш вазифаси юклатилди.

Президент Шавкат Мирзиёев, шунингдек, ҳудудларда Covid-19’га чалинганларни қабул қилиш ва саралаш бўйича марказларни ташкил этган ҳолда, кичик шифохоналарни ўз профилига мувофиқ бошқа турдаги ва сурункали касалларни даволашга қайтариш лозимлигини айтди.