4 август куни имзоланган «Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорига мувофиқ мамлакатимизда Ижтимоий ҳимоя ягона реестри жорий этилиши белгиланди. Мазкур тизим Сирдарё вилоятида тажрибадан ўтиб, ўз самарасини кўрсатгани ва жорий йил якунига қадар уни барча ҳудудларда босқичма-босқич жорий этилиши таъкидлаб ўтилди.

Қарор билан ижтимоий нафақа олувчилар сони ҳозирги 600 мингдан жорий йил охиригача 1 миллион 200 минг, 2021 йилда эса 1 миллион 500 минггача етказилиши белгиланган. Бу борада Ягона ижтимоий реестр орқали барча ижтимоий ёрдам бир хил мезон ва бир хил ҳужжат асосида берилиши кўзда тутилган. Энг муҳими, келгуси йил 1 январдан бошлаб, кам таъминланган оила мақомини олиш учун фуқаролардан ҳозиргидек 12 та идорадан 30 дан зиёд маълумотлар талаб қилинмайди. Эҳтиёжманд оилаларга 30 турдаги ижтимоий ёрдам ва хизматлар осон ва қулай тарзда тақдим этилади.

«Сўнгги даврда иқтисодиёт тармоқлари ва давлат бошқаруви тизимига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, бу орқали ортиқча қоғозбозликни йўқотиш масалаларига катта ва жиддий эътибор қаратилмоқда. Айниқса, коронавирус пандемияси даврида аҳолига давлат хизматларини масофадан кўрсатиш нақадар муҳимлиги яққол намоён бўлмоқда.

Ижтимоий ҳимоя ягона реестри жорий этилиши натижасида давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини олиш жараёнида барча маълумотлар электрон кўринишда тақдим этилиши эвазига ортиқча қоғозбозлик йўқолади ва бюрократик тўсиқлар бартараф этилади. Мазкур йўналишдаги ишларнинг шаффофлиги ва манзиллилиги таъминланади, шу билан бирга, хизмат кўрсатиш ва давлатдан ёрдам олиш жараёни тезлашади.

Ягона реестр ташкил этилиши орқали давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар ва ёрдамни олиш учун мурожаат қилувчилар тўғрисидаги яхлит маълумотлар базаси шакллантирилади. Шу билан бирга, оилаларнинг эҳтиёжмандлиги даражасини ва белгиланган мезонларга мувофиқлиги реал вақт режимида баҳолаб бориш имконияти, бундан ташқари, республикада ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг келгуси сиёсатини ишлаб чиқишда ижтимоий ҳимояга доир статистик маълумотлар базаси яратилади», дея Молия вазирлиги департамент директори Нодир Муслиддиновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, аҳоли ўртасида талаб юқори бўлган давлат хизматларидан бири – бу кам таъминланган оилаларга 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамни тайинлаб тўлашдир. Ушбу ижтимоий нафақаларни тайинлаш жараёнида расмиятчилик, сансалорлик ва бюрократия авж олган десак хато қилмаймиз. Бунда, ёрдамга муҳтож бўлган оилаларни турли хил маълумотномалар ва бошқа тасдиқловчи ҳужжатларни йиғишдан озод этишнинг аллақачон вақти келган.