Бугун шу тизимга оид янгиликлар ҳақида меҳмонхона бизнесига ихтисослашган «Hotel Pro» компанияси асосчиси, 35дан ортиқ меҳмонхоналар лойиҳаси муаллифи, 16та меҳмонхонанинг ишга туширилиш жараёнини ташкиллаштирган соҳа эксперти Дилшод Одилов билан суҳбатлашдик.

– Дилшодбек, март ойида Kun.uz сайтида сиз ва ҳамкасбларингиз билан уюштирилган суҳбатда пандемия туфайли меҳмонхона бизнеси қисқа муддатда инқироз ҳолатига келиб қолганини айтгандинглар. Айни пайтда вазият қанақа, қандай имтиёзлар берилди?

– Ҳақиқатан ҳам ўша суҳбатда меҳмонхона бизнеси пандемия туфайли инқироз ёқасига келиб қолгани ва давлат бу ҳолатда ёрдам бермаса, вазият ёмон бўлиши мумкинлигини айтган эдик. Интервьюдан кўп ўтмай «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони эълон қилинди. Фармонга асосан, жойлаштирув воситалари ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан озод қилинди. Aввал 12 фоиз бўлган ижтимоий солиқ камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорда тўланадиган бўлди.

Май ойига келиб, босқичма-босқич меҳмонхоналарнинг ишлаш шартлари шакллантирилиб, ишлашга рухсат этила бошлади. Меҳмонхоналар иш фаолиятларини давом эттириш учун асосий талаблар санитария ва гигиена қоидалари билан тўлдирилди.

30 май куни эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора тадбирлар тўғрисида»ги фармони туризм ва меҳмонхона бизнесига катта ёрдам бўлди дейиш мумкин. Бу фармон бўйича, «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда ички туризмга рухсат берилди, чет элдан чартер рейслар билан олиб келинадиган фуқароларни меҳмонхоналарга жойлаштиришга замин яратилди.

– Меҳмонхоналардан бизнеснинг бошқа йўналишларида фойдаланиш тенденцияси борми? Масалан, офислар шаклида ёки узоқ муддатли турар-жой сифатида ижарага бериш каби...

– Ҳозирги кунда аксарият меҳмонхоналар фаолият кўрсатмаяпти. Лекин ер солиғи, мулк солиғидан озод бўлгани сабабли ҳамда ишчиларига меҳнат таътили берилгани туфайли бу меҳмонхоналарда зарарлар минималлаштирилган. Баъзи меҳмонхоналар эса чет элдан келаётган, карантинга олинаётганлар билан ишламоқда.

Офис ёки бошқа мақсадларда фойдаланилаётган меҳмонхоналарни эшитмадик. Офис сифатида ишлатишга талаб ҳам йўқ, чунки кўп ташкилотлар карантин даврида ё фаолиятини вақтинча тўхтатган, иш ҳажмини камайтирган ёки онлайн ишлаш тизимига ўтган. Кўпчилик 1-2 ойда вазият яхши томонга ўзгариб қолишидан умид қилган ҳолда меҳмонхоналарни бошқа мақсадда ишлатмай турибди.