«Онлайн дарслар мактабдаги машғулотлар ўрнини боса олмайди». Ўқувчиларни иложи борича тезроқ мактабларга қайтариш таклиф қилинди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари Қодир Жўраев таълим соҳаси мутасаддилари томонидан ўрганилаётган 3та сценарийдан биринчисини амалга ошириб, ўқувчиларни иложи борича тезроқ мактабларга қайтариш кераклиги ҳақида таклиф берди.
«Тан олиш керакки, таълим пандемиядан энг кўп зарар кўрган соҳа ҳисобланади. Фарзандларимиз март ойи ўртасидан бери уйда ўтирибди. Тўғри, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида онлайн машғулотлар, телевизион дарслар ташкил қилинмоқда. Бироқ ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида визуал контакт ва қалбан яқинлик, яъни меҳрнинг йўқлиги сабабли ушбу машғулотларнинг сифати кўнгилдагидек эмас.
Боз устига, турли техник носозликлар, хусусан, интернетга уланиш қийинлиги боис ўқувчиларнинг бир қисми онлайн машғулотларда қатнаша олмаяпти. Ҳатто интернет умуман етиб бормаган жойлар бор. Оқибатда ўзлаштирилиши лозим бўлган ўқув материали чала ўзлаштирилмоқда.
Агар ҳозирги пандемик вазият бундан кейин ҳам давом этадиган бўлса, биз охирги уч йилдан бери мамлакатимиз таълим соҳасида юз берган ижобий тенденцияни қўлдан бой беришимиз ва бутун бошли авлодни чаласавод қилиб қўйишимиз ҳеч гап эмас.
Таъкидлаш жоизки, таълимдаги бундай салбий ҳолат фақат Ўзбекистонда эмас, балки бутун дунёда кузатилмоқда. Яқинда БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш дунё мамлакатларида мактабларнинг оммавий тарзда ёпилишини «авлодлар ҳалокати» деб атади. БМТ раҳбари ҳозирда қарийб 160 мамлакатда мактаблар ёпилган бўлиб, 1 миллиарддан ортиқ ўқувчилар таълим олиш ҳуқуқидан мосуво бўлаётганини таъкидлади. У ҳозир биз авлодларни «йўқотиш» хавфи билан юзма-юз турганимиз, бу беҳисоб инсоний потенциални пучга чиқариши, ўнлаб йиллар давом этган тараққиётга путур етказиши ва тенгсизликни кучайтириши мумкинлигини айтган.
Нима қилиш керак? Айниқса, пандемия ҳали-бери чекинишни истамаётган бир пайтда қандай йўл тутиш керак, деган савол ҳаммамизни ўйлантириши табиий.
Таълим соҳаси мутасаддилари янги ўқув йилини бошлаш бўйича қуйидаги 3та сценарий мавжудлигини таъкидлаб, якуний хулосани республика махсус комиссияси беришини айтишмоқда. 1-сценарий бўйича ўқувчилар мактабга қайтарилади ва мактаблар одатий тартибда ўз фаолиятини қайта тиклайди. 2-сценарий бўйича таълим онлайн тартибда давом эттирилади. 3-сценарий мактаблар аралаш тартибда фаолият кўрсатади, яъни ўқувчиларнинг онлайн дарслар ва мактабдаги дарсларда билим олиши йўлга қўйилади.
Шу ўринда, Республика махсус комиссиясига босим ўтказмаган ҳолда шуни айтмоқчиманки, биринчи сценарийни амалга ошириш энг мақбул ечим бўлур эди. Ўқувчиларимизни мактабларга мумкин қадар тезроқ қайтарганимиз маъқул. Зеро, на онлайн дарслар ва на аралаш тизим мактабдаги машғулотлар ўрнини боса олади», дея ёзади Қодир Жўраев телеграмдаги саҳифасида.
Аввалроқ Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова томонидан Халқ таълими вазирлиги ўз ваколатидан келиб чиқиб, янги ўқув йилини қай шаклда бошлаш бўйича 3та сценарий ишлаб чиққани, бироқ ўқув йилининг қай тартибда бошланиши ҳақидаги якуний хулоса республика махсус комиссиясининг қарори билан эълон қилиниши ҳақида маълумот берилганди.
Шунингдек, брифингда ўқув йили қайси шаклда бошланишидан қатъи назар, телевизион дарслар тажрибаси сақлаб қолиниши, 10 августдан телевизион дарсларни суратга олиш ишлари бошланиши айтилганди.
Мавзуга оид
11:05 / 07.12.2022
“Халқ таълимида бугунги қилинаётган ишларнинг натижасини 5-10 йилдан кейин кўрамиз” — Бахтиёр Саидов
10:13 / 07.12.2022
Халқ таълими вазири – қачон охирги марта автобусда юргани, 5 соат ухлаши ва тизимдаги қариндош-уруғчилик ҳақида
20:37 / 22.11.2022
ХТВ ва ССВ тизимларида бюджетнинг 77 млрд сўми ноқонуний ишлатилди
14:45 / 10.11.2022