Ўзбекистон | 08:57 / 08.08.2020
3056
2 дақиқада ўқилади

2030 йилгача денгиз шамолидан олинадиган энергия ҳажми 8 марта ошади

Денгиз шамолидан олинадиган энергия бутун дунё бўйлаб 2019 йилдаги 29,1 ГВтдан 2030 йилда 234 Гвтгача, яъни 8 марта ошиши мумкин. Бундай прогнозни Шамол энергетикаси бўйича глобал кенгаш таҳлилчилари (GWEC) беришмоқда

Улар яқин 10 йил ичида Осиё-Тинч океани минтақасида ҳамда Европа давлатларида тоза энергетика тармоғи жадал ўсишини прогноз қилишмоқда.

2019 йилда янги шамол фермалари ёрдамида 6,1 ГВт қўшимча энергия олинган. 

Умуман олганда, денгиз шамоли энергетикаси бозори 2013 йилдан бери чорак қисмга ўсган. Бу асосан Европадаги янги станциялар ҳисобига юз берган. Европадаги шамол станциялари дунёдаги барча шамол станцияларининг 75 фоизини ташкил қилади.   

Айни вақтда шамол энергетикаси бўйича Хитой 1-ўринни эгалламоқда. Ушбу давлатда шамол фермалари ёрдамида 2,4 ГВт энергия олинади. 2-ўринни 1,8 ГВт билан Британия, 3-ўринни 1,1 ГВт билан Германия эгалламоқда. Минтақалар кесимида шамол энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ўсиши бўйича Европа етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларни Осиё-Тинч океани минтақаси ва АҚШ эгалламоқда.

Яқин 10 йил ичида шамол энергетикаси тармоғида 900 минг янги иш ўрни пайдо бўлиши кутилмоқда. Бу кўрсаткич агар қонун чиқарувчилар ушбу тармоқ ўсишини жадаллаштирувчи чораларни қўллаб-қувватласалар мунтазам ошиб боради. 

Бундан ташқари, ҳар бир гигаватт денгиз шамоли энергияси атроф-муҳитга карбонат ангидрид СО2 чиқарилишини 2,5 млн тоннага қисқартиради. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид