Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Иномжон Мажидов контракт тўлови ўзгариши масаласига аниқлик киритди.

“2020-2021-ўқув йилида контракт тўлови миқдори ўзгаришсиз қолади, оширилмайди, камайтирилмайди. Қўшимча қилиш керакки, пандемия шароитида иккинчи ва ундан юқори курслар сентябрдан бошлаб масофадан таҳсил олишни бошлайдилар. Кириш имтиҳонлари сентябрда бўлиб ўтишини ҳисобга олсак, биринчи курс талабалари учун ўқув машғулотлари октябрдан бошланади,” – деб маълум қилди Мажидов.

Бундан аввал Олий таълим вазирлиги ОТМда контракт пуллари нимага сарфланиши ҳақида маълумот берганди. Вазирлик расмий изоҳида айтилишича, пандемия муддатлари узайтирилиб, ўқиш онлайн тарзда давом эттирилган ҳолатда ҳам, тўлов-шартнома асосида таҳсил оладиган талабалар ва уларнинг ота-оналари хавотирланишга ҳеч қандай асос йўқ. 

Таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таҳсил оладиган ҳар бир талабага муассаса маъмурияти томонидан индивидуал ёндашган ҳолда имконият яратиб берилади.