Ўзбекистон | 12:05 / 09.08.2020
92830
7 дақиқада ўқилади

Шифокор Дилмурод Иргашев ССВнинг хусусий клиникаларга оид қарори бўйича мурожаат билан чиқди

«Doctor D» клиникаси асосчиси ва раҳбари, шифокор ва актёр Дилмурод Иргашев Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хусусий клиникалар ва шифокорлар коронавирусга чалинган беморларни рухсатсиз даволашини тақиқловчи қарори юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Фото: YOUTUBE

«Мен 33 йил аввал «Doctor D» клиникасини ташкил этган ва шу ерда шунча йилдан буён раҳбарлик қилаётган фуқароман, яъни хусусий клиника асосчиси ва раҳбариман.

Куни кеча ҳамма хусусий клиникалар раҳбарларини йиғиб «Қайси хусусий клиника Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан шартнома тузмасдан Covid-19 беморларни даволаган бўлса ва у жараёнда стандартларга риоя қилмаган бўлса», лицензияларини суд орқали тўхтатиш тўғрисида огоҳлантирилган.

Клиникамиз шароити тўғри келмагани учун биз Covid-19’га чалинган беморларни даволамадик, лекин зудлик билан ҳамма хоналарга кислородли концентратор ўтказдик ва сунъий нафас олиш аппаратларини шайлаб қўйдик. Беморларни даволашга жой етмай, ходимларимиз касал бўлиб танг ҳолатда қолинса, ўзимизнинг ишчиларга, яқинларимизга ёрдам беришимиз зарур деган мақсадда тайёргарлик кўриб қўйдик.

Орадан икки ойлар ўтгач, шунақа вазият бошланди. Кунига юзлаб қўнғироқлар бўла бошлади, «Тез ёрдам» келмаяпти, оғир беморларни ҳеч қаерга қабул қилишмаяпти, ёрдам беринг» деган гаплар бўлди. Бундай ҳолда нафақат биз, балки кўплаб бошқа клиникалар ҳам беморларни қабул қила бошлади. Докторлар ҳам одам, лекин улар ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб қарашди. Уларда тажриба йўқ. Қўлида қўлланмаси йўқ, инглиз тилини билмайди, лекин ёрдам беришга ҳаракат қилишди, шу орада орамиздан бир неча докторлар вафот этди. Нега ўша пайтда буларга стандартлар етказилиб берилмади? Нега шароит оғирлашганда клиникалар фаолияти мувофиқлаштирилмади? Ҳамма беморлар уйларида оғир аҳволда қолганда ТВ орқали ҳам беморларни координация қилса бўлар эди-ку?

Вирус юқтирганлар таниш доктор ёки таниш ҳамширасини уйига чақириб ҳар хил керак-керакмас дорилар билан даволанишга мажбур бўлди. Чунки «Тез ёрдам» келмади, тақдим этилган телефон рақамлари жавоб бермади. Ўлим тўшагида ётган беморларни кўтариб хусусий клиникаларга олиб келишди. Ҳеч ким ёрдам қилмагани учун клиникалар беморларга қарашга, ётқизишга мажбур бўлди. Бизнинг клиникага ҳам «отам ўляпти, онам ўляпти, ёрдам беринг, доктор» деб ялиниб-ёлвориб ўнлаб беморларни олиб келишди. Биз «шароитимиз йўқ, клиникада ҳомиладор аёллар бор» деб уларни қабул қилмадик, халқдан маломатларга қолдик.

Диагностика учун алоҳида кўчадан кирадиган қилиб махсус хоналар ташкил қилинди, 24 соатда касалликни аниқлашга ҳаракат қилдик, «Тез ёрдам» машинаси орқали фақат беморларга ёрдам бера олдик, холос. Мамлакатда бундай ҳолат юз берганда ҳамма қўлидан келган ёрдамни бериши керак эмасми? Врачларимиз онлайн консультация бериб, беморларни уйдан кузатиб турди. Нафас етишмовчилиги иккинчи даражага етган беморларни ҳам ётқиза олмадик. Кислород берадиган мобил қурилмаларни текин етказиб, вақтинча қўллаш учун беморларга бериб турдик. Шу вақтларда мутахассислар томонидан ҳам кўп нотўғри маслаҳатлар (масалан, «Плаквенил» қабули бўйича) берилди.  

Энди тажриба ошди, CDC таржима қилинди, яқинда янги стандарт даволаш учун қабул қилинди. Аҳвол анча енгиллашди. Қўнғироқлар камайди, барча вилоятларда, ҳудудларда қўшимча койкалар тайёрланиб бўлди. Энди айбни хусусий клиникаларга ағдаришмоқчи.

Хусусий клиникалар ўгайми? Уларни ким ҳимоя қилади? Бошидан, яъни март ойида шунақа бўлиши мумкин эканлигини билар эдик, нега барча хусусий клиникаларга тавсиялар, қўлланмалар берилмади? «Хусусий клиникаларда керакли асбоб-ускуналар йўқ, дори-дармон йўқ, улар нотўғри даволайди», деб айтилган. Давлат клиникаларида тўғри даволанилдими? У ерларда керакли ҳамма нарса бормиди?

Мен қайнотам мисолида аҳвол қандайлигини кўрдим. Қайнотам профессор, республикада кўзга кўринган, шу кунларда ҳам ишлаб келаётган олим эдилар. Ҳеч қаерда жой йўқ, қаерга телефон қилишмасин ҳеч иложи йўқ дейишарди, бир амаллаб клиникага ётқиздик. Дориларини, кислород концентраторини ҳам ўзимиз олиб бердик.

Қилинаётган терапиядан аҳвол яхшиланиш ўрнига ёмонлашавергач, доктор «уйга олиб кетинглар, бу ерда вафот этса, ўзлари кўмишади», деб қўрқитгач, уйга олиб келдик. Бечора қайнотам ўта оғир аҳволда уйга олиб келинди. Уйда СDC бўйича даволай бошладик, лекин вақт ўтиб бўлган, полиорган етишмовчилиги бошланган эди. Шунда ҳам тўрт кун курашдик, афсус...

Бизнинг клиникамизда ҳам ҳамширалар, врачлар касал бўлиб ётиб қолишди. Деярли ҳамма касалликка чалинди. Фақат онлайн тарзда уларни кузатиб даволаш жараёнини назорат қилиб турдик. Шундай пайтларда бу тизим раҳбарлари қаерда эди? Ўгай болани айбдор қилиш яхшими? Ҳамма боласини бирдек кўриш керак эмасми? Дўқ-пўписа қилиб, «лицензиянгни олиб қўяман» деб ишлайдиган замонлар ўтиб кетмадими? Хусусий клиникалар давлатга фойда келтирмайдими ё? Ким уларни ҳимоя қилиши керак? Нега уларни ҳам лойиҳаларга қўшишмайди? Нега штаб ташкил қилинганда улар таклиф қилинмайди, маслаҳатга чақирилмайди? Пандемия шароитида ҳамма жой фронтга айланади, бундай пайтларда барча тиббиёт соҳаси вакиллари каби биз ҳам ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак, деб ўйлайман.

Менинг фикрим шундай, агар шунақа қўрқитиб иш юритилса, эртага юртимизда клиника қуришга, тиббиёт технологиясини олиб киришга битта ҳам инвестор келмайди. Аслида хусусий клиникаларга тўғри тавсиялар қилиниб, нега хатоликлар бўлганининг тагига етиб чора кўрилса тўғри бўлади. Бутун дунёда хусусий клиникалар асосий юкламаларни кўтаришади. Уларни ҳам рағбатлантириш керак, ахир. Яқинда ҳукумат томонидан бир гуруҳ шифокорлар рағбатлантирилди, лекин улар орасида бирорта хусусий клиника врачлари йўқ.

Бизнинг клиникамиз ташкил этилганига 33 йил бўлди. Бу йиллар ичида минглаб беморларга тиббий ёрдам кўрсатдик, даволадик, юзлаб операциялар қилинди, акциялар ўтказиб, қанчадан қанча беморларга бепул ёрдамлар кўрсатганмиз. Шу 33 йил ичида бирорта докторимиз ҳатто чойнакнинг қопқоғи билан бўлса ҳам мукофотланмади.

Вазирликни ислоҳ қилиш керак. Хусусий клиникаларга ҳам эътибор қаратилсин, уларни ҳам асраш ва авайлаш, равнақи учун ёрдам бериш зарур», дейди шифокор ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали.

  • Эслатиб ўтамиз, 7 август куни Соғлиқни сақлаш вазирлигида Covid-19 инфекциясини аниқлаш ва даволашда қатнашаётган хусусий тиббиёт муассасаларининг вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилган. Унда Ўзбекистонда коронавирус беморларини даволовчи хусусий клиникалар устидан назорат кучайтирилиши маълум қилиниб, вазирлик даволаш стандартлари бузилса, клиниканинг лицензияси суд орқали бекор қилиниши ҳақида огоҳлантирганди.

Мавзуга оид