Таклифлар кўп, барчаси турфа хил. Ана шундай вазиятда абитуриент ёки унинг ота-онаси қайси ОТМни танлашни билмай бош қотириши табиий.
Ушбу тавсиялар билан хориждаги ОТМни танлашда нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида билганларимиз билан ўртоқлашмоқчимиз. Демак, бошладик.
Мақсадингизни аниқ белгилаб олинг: сизга сифатли таълим керакми ёки хорижга чиқиш имконияти?
Интернетдан олинган маълумотларга кўра, дунёда тахминан 200 мингга яқин ОТМ мавжуд экан. Уларнинг кўпчилик қисмида дунёнинг исталган мамлакати фуқаролари тахсил олишлари мумкин. Аммо уларнинг ҳаммасида ҳам таълим сифатини кўнгилдагидек, деб бўлмайди. Дунё миқёсида тан олинганлари ҳам кўп эмас.
Шундай экан, ОТМни танлашда энг аввало киши ўз олдига қўйган мақсадига аниқлик киритиб олиши керак бўлади. Cифатли таълим олиб, малакали кадр бўлиб етишиш истагида бўлган киши, албатта, ОТМнинг сифатига, дунё рейтингида тутган ўрнига, таълим йўналишининг актуаллигига эътибор қаратиши лозим бўлади. Аксинча, шунчаки орзудаги хорижий давлатга етиб олишни кўзлаган одамга ОТМнинг қандай бўлиши унчалик аҳамиятли бўлмаслиги мумкин.
Ҳам ўқиб, ҳам ишлаб контракт учун керакли суммани ўзим топаман, керак бўлса, оила аъзоларимни ҳам моддий таъминлайман, деб ўйласангиз, янглишасиз. Чунки бундай шароитда на ўқишнинг сифати яхши бўлади ва на ишнинг. Кўплаб юртдошлар хорижга бориб олиб, моддий томондан қийналиб қолишади. Шундай қийинчиликларнинг аксарияти ўқишни ташлаб, ватанга қайтиш билан якун топади.
Хориждаги ОТМларга берилган «отзыв»лар билан танишинг
Бирор ОТМни танлашдан аввал унинг расмий веб-сайти ёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини кўздан кечиринг. Имкони бўлса, ижтимоий тармоқлар, масалан Facebookдаги саҳифангиз (агар бўлса) орқали, ўзингиз қизиқаётган ОТМда ўқиган одам бўлса, у ҳақида қандай фикрда экани тўғрисида фикр қолдиришларини сўраб пост жойланг. Кимдир албатта сизга бу ҳақда маълумот беради.
Яна бир муҳим нарса, ОТМнинг топ-рейтингларда тутган ўрнини кузатинг.
«Ҳеч қандай имтиҳонларсиз талаба бўлинг!» деган чақирувдан кўп ҳам ҳаяжонга берилиб кетманг. Чунки халқаро тажрибада «харидоргир» бўлмаган ОТМларнинг чет эл фуқароларини имтиҳонсиз қабул қилиш амалиёти мавжуд. Бундан кўзланган асосий мақсад эса ОТМнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашдир. Халқаро рейтингларни шакллантиришда чет эл фуқароларининг жалб этилгани даражаси муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Ҳеч қандай имтиҳонсиз ўқишга кирдингиз дегани ўқишни ҳам ҳеч қандай имтиҳонсиз тугатасиз, дегани эмас. Чет тилини билмасангиз ва ўтилган фанларни етарли даражада ўзлаштирмасангиз, биринчи семестрдаёқ ҳайдалиш куйини чалишингиз муқаррар. Унутманг, ўзлаштирилмаган фанни қайта ўқиш ҳам пул туради, унга ҳам вақт кетади. Сиз бир семестр учун тўлаган пул ва битта хорижлик талаба ўқиди деган статус университетни фойдасига қолади.















