Жаҳон | 16:10 / 16.08.2020
160270
3 дақиқада ўқилади

Нурсултон Назарбоевнинг набираси Лондонда вафот этди

Лондонда Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг набираси 29 ёшида вафот этди. Қозоғистондаги нашрларнинг ёзишича, Ойсултон Назарбоевнинг ўлимига юрагидаги муаммо сабаб бўлган.

Ойсултон Назарбоевнинг ўлими билан боғлиқ бошқа тафсилотлар келтирилмаяпти.

Ойсултон Назарбоев 1990 йилда  Назарбоевнинг катта қизи Дариға Назарбоева ва сиёсатчи Роҳат Алиев оиласида ўртанча ўғил бўлиб туғилган. Сандҳёрстдаги Қироллик ҳарбий академиясини ва Қозоғистондаги КИМЕП университетининг магистратура босқичини тамомлаган. У Қозоғистон Мудофаа вазирлигининг бош разведка бошқармасида хизмат қилган. Футбол билан шуғулланган ҳамда Қозоғистон ва хорижнинг бир неча клубида, жумладан, «Портсмут»нинг ёшлар жамоасида ўйнаган. 

2017 йилда Қозоғистон футбол федерациясида вице-президент лавозимида ишлаган. 26 август куни у 30 ёшга чиқарди.

Ўтган йилнинг октябрида у Лондон судида судланган, бунга у наркотик таъсирида полициячиларга қаршилик кўрсатиб, улардан бирининг қўлини тишлаб олгани сабаб бўлганди. У шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган; унга жарима қўлланиб, гиёҳвандликдан даволаниш мажбурий этиб белгиланганди.

Тергов маълумотига кўра, Ойсултон Назарбоев кокаин истеъмол қилган. Биринчи эшитувдан кейин ҳакам уни даволаниш учун озод қилган. Маълум бўлишича, Назарбоев Priory хусусий клиникасида даволанган.

Ойсултон Назарбоев 2017 йилдаёқ фейсбукдаги отасининг ўлимидан кейин наркотик моддалар қабул қила бошлагани ҳақида ёзганди. Президентнинг собиқ куёви Роҳат Алиев Қозоғистондан Австрияга қочиб кетгач, расмий маълумотларга кўра, қамоқхонада ўз жонига қасд қилган.

Ойсултон Назарбоев 2020 йил февралида ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали Буюк Британиядан сиёсий бошпана беришни сўраган ҳамда Россия ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасидаги йирик кўламли коррупция ва халқдан ўғирланган миллиардлаб долларлар ҳақидаги маълумотга эга экани ҳақида ёзганди. У ўша постида қариндошлари билан муносабатлари жуда ёмонлигин ёзганди. У онасини қоралаган, Қозоғистондан Россияга газ сотувидаги коррупцион схемадан хабардорлигини айтганди.

Шу йилнинг мартида 2019 йил Лондонда хатланган 100 млн долларлик мол-мулклар Дариға Назарбоева ва унинг тўнғич ўғли Нурали Алиевга тегишли экани маълум бўлди. Кейинроқ Лондон Олий суди Жиноятчиликка қарши курашиш бўйича миллий агентликда Роҳат Алиевнинг ушбу кўчмас мулкларни сотиб олишга алоқадор эканлигини исботловчи далиллар йўқ деб топди.

Мавзуга оид