Жамият | 13:54 / 17.08.2020
3710
2 дақиқада ўқилади

«Қўлқопларни кун давомида кийиб юриш тавсия этилмайди» – штаб аъзоси

Резинали қўлқоплар коронавирусдан ҳимояланиш учун кун давомида кийиб юриш тавсия қилинмайди. Коронавирусга қарши штаб аъзоси Севара Убайдуллаеванинг маълум қилишича, қўлқоплар совун билан ювилганда ёки антисептик воситалар билан ишлов берилганида тўлиқ зарарсизланмайди.

«Автотранспортдан фойдаланишда қўлқоп кийиш талаб этилади, сабаби автобус ва метрополитенда сиздан олдин ёки ён атрофингизда касалликни симптомларсиз ўтказаётган беморлар бўлиши мумкин. Бундай беморлар касаллик тарқатувчилари ҳисобланишади. Лекин қўлқопларни кун давомида тақиб юриш тавсия этилмайди, чунки қўлқоплар совун билан ювилганда ёки антисептик воситалар билан ишлов берилганида тўлиқ зарарсизланмайди», деди Севара Убайдуллаева АОКАда бўлиб ўтган брифингда.

Бундан ташқари, COVID-19 инфекцияси бўйича эпидемиологик осойишталик тоифасидаги давлатлардан қайтган кишиларга бериладиган тавсиялар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Бу давлатлар карантин чекловларини бекор қилган ва коронавирус инфекцияси давом этмаётган мамлакатлар ҳисобланади. Бундай давлатлардан қайтган шахслар:

  • изоляцияда бўлишлари;
  • коронавирус инфекциясига тест текширувидан ўтишлари ёки антитаначаларни аниқлаш учун ИФА топширишлари;
  • шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишлари, ниқоб тақишлари ва ижтимоий масофа сақлашлари керак.

Тадбирда касалликдан соғайганидан сўнг қайта тест ўтказилиши ҳақидаги саволга ҳам жавоб берилди.

«Касалликдан соғайганидан сўнг тест топшириш шарт эмас. Вирусга қарши антитаначаларни иммуноглобулин G ва M ларни текшириш муҳим бўлиб, бу таҳлил асосида инсон организмида касалликка қарши иммунитет ҳосил бўлганликни билиш мумкин», деди штаб аъзоси.

Мавзуга оид