Ўзбекистон | 08:18 / 19.08.2020
23022
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда Миллий гвардияга ишга киритиб қўйиш эвазига 27 минг доллар сўраган шахс қўлга олинди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

2020 йил 17 август куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 2000 йилда туғилган С.Б. ариза билан мурожаат қилди, деб хабар бермоқда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.

У 2020 йилнинг январь ойида Ургут туманида яшовчи таниши У.Ш. уни Миллий гвардия Самарқанд вилояти бошқармасида юқори лавозимда ишловчи “Л.” исмли таниши орқали Миллий гвардия тизимига ишга жойлаштиришини айтиб, 2020 йилнинг январь ойидан июль ойининг охирига қадар бўлиб-бўлиб жами 27.200 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни талаб қилиб олиб, уни ишга киритмасдан яна 300 АҚШ доллари беришини сўраб келаётганлигини маълум қилиб, У.Ш. ва “Л.” исмли шахсларга нисбатан қонуний чора кўришини сўраган.

Аризага асосан, 2020 йил 17 август куни соат 15:00ларда Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими, Каттақўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими ва Миллий гвардия Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида 1998 йилда туғилган, Ургут шаҳрида яшовчи У.Ш. ариза муаллифи С.Б.дан 300 (уч юз) АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Аниқланишича, У.Ш. ҳеч қандай “Л.” исмли шахсни билмаслиги, С.Б.нинг пулини қўлга киритиш мақсадида ўзини овозини ўзгартириб, унга ўзини “Л.” деб таништириб, бошқа рақам орқали телефонда гаплашиб келган. С.Б.ни Миллий гвардия тизимига ишга киритаман деб, алдов йўли билан 27.200 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни қўлга киритиб, ўзининг шахсий эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид