Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2018 йил 28 ноябрдаги 4037-сон Қарори доирасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида Андижон вилоятида Пайтоқ кичик ГЭСи, Жанубий Фарғона канали 1А – кичик ГЭСи ва 2А – кичик ГЭСи қурилиши ҳамда Чорвоқ ГЭСининг фаолияти хавфсизлигини ошириш лойиҳаларини молиялаштириш учун 20 йил муддатга 55,8 млн евролик кредит ажратилиши бўйича заём келишуви имзоланди.

Кейинги босқичда ушбу кредит маблағлари лойиҳалар доирасида Франция тараққиёт агентлиги процедураларига мувофиқ, тендер савдолари асосида замонавий технологик ускуналар харидига ва қурилиш ишларига йўналтирилади.

Умумий қиймати 52,5 млн еврога тенг Пайтоқ кичик ГЭСи, Жанубий Фарғона канали 1А – кичик ГЭСи ва 2А – кичик ГЭСи қурилиши учун кредитнинг 46,5 млн еврога тенг қисмидан фойдаланилади.

Ушбу лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосномаси Франция тараққиёт агентлиги буюртмасига мувофиқ «ISL», «IED», «R-plus» консультантлар консорциуми томонидан ишлаб чиқилган. Инвестиция лойиҳалари доирасида 11,1 млн евролик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиши ҳамда 26,9 млн евролик технологик ускуналар келтирилиши режалаштирилган.

Ушбу янги кичик ГЭСларни 2023 йилда фойдаланишга топшириш кўзда тутилмоқда.

Мазкур лойиҳаларни амалга оширилиши 51,2 млн. кВт.соат арзон ва экологик соф электр энергия ишлаб чиқариш, 15 та қўшимча иш ўринларини яратиш, мамлакат энергетика балансида гидроэнергетика улушининг ўсиши ва ёқилғи ресурсларини тежаш, электр энергияга тобора ўсиб бораётган талабни қондириш имконини беради.

Бундан ташқари, Чорвоқ ГЭСда амалга оширилиши режалаштирилаётган қиймати 33,95 млн еврога тенг «ГЭС фаолияти хавфсизлигини таъминлаш бўйича лойиҳа»ни молиялаштириш учун жалб қилинаётган кредитнинг 9,3 млн евролик қисми йўналтирилади.

Республикамизда экологик тоза, қайта тикланувчи электр энергияси ишлаб чиқариш манбаси ҳисобланган гидроэнергетика соҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 майдаги ПҚ–2947-сон Қарори билан тасдиқланган «2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури» асосида янада ривожланмоқда.

Ушбу дастурга мувофиқ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан «Лойиҳалар фабрикаси» механизмини жорий қилган ҳолда замонавий технологияларга асосланган янгидан янги лойиҳаларнинг узлуксиз ишлаб чиқарилиши ҳамда Инвестиция дастурига киритилиб, самарали амалга оширилиши таъминланмоқда.