Ўзбекистон | 11:05 / 24.08.2020
8153
2 дақиқада ўқилади

VI Халқаро армия ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтди 

Шу куннинг ўзида “Танк биатлони” мусобақаси иштирокчиларининг якка тартибдаги беллашувлари бошланди. 

Жорий йилнинг 23 август куни Москва вилоятида жойлашган Патриот паркида VI Халқаро армия ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда юртимиз номидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги офицерлари ҳамда мусобақаларга киришиш остонасида турган ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

“Ватанпарвар” газетаси мухбири Азиз Норқулов хабарига кўра, Россия Федерацияси ҳукумати раиси Михаил Мишустин, Россия Федерацияси мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу иштирок этган тантанада барча мусобақага қатнашаётган давлатлар жамоалари вакиллари ўз байроқлари остида саҳнага чиқиб келишди.

Очилиш маросимидан сўнг иштирокчилар Ҳарбий техник форумдан ўрин олган жанговар техникалар билан танишдилар. “Дўстлик уйи”да бўлиб ўтган кўргазмали намойишда эса барча иштирокчи давлатлар қаторида бой маданий меросимиз, маданият ва санъатимиз, миллий либослар ва ҳунармандчилик буюмларимиз аксарият меҳмонларнинг диққат марказида бўлди. 

“Дала ошхонаси” йўналишида мусобақалашаётган давлатларнинг миллий таомлари намойиши ҳам кўпчиликнинг ёдида қоладиган бўлди. Бир чеккадан бошлаган томошабин охирига етгунча бир-бирига ўхшамайдиган таомлардан татиб кўрди. 

Шу куннинг ўзида “Танк биатлони” мусобақаси иштирокчиларининг якка тартибдаги беллашувлари бошланди. Танкчиларимиз эса 25 август куни илк баҳсларга киришадилар. 

Мавзуга оид