«Ёшим 33 да. Турмуш қурганимга 11 йил бўлди. Тўйимизнинг эртаси кунидан бошлаб эрим мени маст ҳолатда дўппосларди. Бу турмушга бошидаёқ қаршилик билдирганман. Беш йиллик унаштирув давомида унинг феълини жуда яхши билардим. Ота-онамга норозилигимни айтсам-да, одамларнинг гап-сўзларидан қўрқиб, шу йигитга узатишди. Эрим ношудлигидан овсиним уйимиздан ҳайдаб солди. Муқим яшаш жойимиз бўлмаганидан кейин беш йил алоҳида яшашга мажбур бўлдик. Мен ота уйимда, у эса акасининг уйида. Ўғлим дадасини танимай ўсди».

Ҳар бир инсоннинг ўз тақдир битиги бор. Кимгадир бахтли, тўқин-сочин ҳаёт насиб этса, яна кимдир муҳтожликда синалади. Исми сир тутилишини истаган самарқандлик аёлнинг тақдири кимларнидир мушоҳадага чорласа ажабмас.

“Ота-онамни норози қилмаслик учунгина шу инсонга турмушга чиқдим”

2011 йилда турмуш қурдим. Ҳаёт остонасига энди қадам қўяётган ҳар бир қиз қалбида қанча-қанча орзулар бўлади. Менда эса аксинча. Келажак ҳаётим қийинчилик ва муҳтожликда ўтишини билсам-да, ўзим истамаган инсон билан турмуш қурдим. Унда заррача кўнглим бўлмаган. Эримнинг ота-онаси анча йиллар олдин вафот этишган. Тўй қилишга пули бўлмагани учун унаштирувимиздан кейин беш йил ўтиб кетди. У бу орада Россияда ишлаб, пул топиб келди. Унинг ичкиликка берилиб кетганини билардим. Маст ҳолатда ҳеч кимни танимасди. Ота-онамга тўйни тўхтатмоқчилигимни айтганман, лекин дадам қўни-қўшнилар гапидан қўрқиб, мени фикримдан қайтарган.

“Тўй ҳам ўтди...”

Шу тариқа амал-тақал қилиб тўйни ҳам ўтказдик. Тўйнинг эртаси кунидан азобли кунларим бошланди. Эрим маст ҳолатда келиб, ҳеч бир сабабсиз мени дўппослай кетди. Бу ҳолат бора-бора одатга айланиб қолди. Келин бўлиб тушган хонадонимда мен ва эримдан ташқари овсиним ва икки қайноғам ҳам яшарди. Эрим менга уйланишидан олдин ҳам кўп ичарди. Жигарлари уни бу йўлдан қайтариш учун астойдил ҳаракат қилишмаган. Доим маст бўлиб, кечалари кўчада қолиб кетавергани, қўни-қўшнилар олдида уларни изза қилгани учун ҳам ака-укалари уни унчалик хушламасди.

“Қайнопамнинг зуғумларига чидаш осонмас эди”

Шаҳарда қайнопам яшарди. Биздан узоқда бўлсаям, биз, келинларига азоб бераверарди. Уч марта ҳомиламдан айрилдим. Бунга сиқилиш, оғир меҳнат, тўйиб овқатланмаслик сабаб бўлган. Қайнопам буни билмасди ёки билмаганликка олиб, мени касалмандсан, фарзанд туғолмайсан, деб сиқувга оларди. Эримниям менга қарши қайрарди. Мендан катта овсинимниям уйга сиғдирмай, бошқа жойга кўчириб юборди. Уйда эрим, мен ва қайнукам қолдик. Қайнукамниям уйлантирдик. Қайнопам менга азоб беришда давом этаверди. Уйдан чиқиб кет, деган пайтлари, ажраштиришгача уринган ҳолатлари ҳам бўлган. Кўп ўйлардим: қайнопам нима учун шундоқ ҳам мўрт ҳаётимизни заҳарламоқчи бўлади? У ўзи ҳам бахтсиз эди: эри билан кўп жанжаллашарди, ҳаётидан норозилиги кўриниб турарди. У бизниям ўзи каби қийналишимизни истагандир балки.