Жамшид Абруев,
Молия вазири ўринбосари:

– «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори билан аҳолининг айрим қатламларига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланди. Жумладан:
– ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болаларга.
– боқувчисини йўқотган оиланинг 16 ёшгача бўлган фарзандларига;
– «Темир дафтар»га киритилган эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига моддий ёрдам кўрсатилиши кўзда тутилган.
Бу жараёнда жами 810 мингдан зиёд болага давлат бюджетидан 400 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфланади.
Ҳозирги кунда Пенсия жамғармаси орқали нафақа ёки пенсия олиб келаётган ногиронларнинг сони 110 мингга яқин. Мана шу болаларга ҳар ойда берилаётган нафақа билан биргаликда сентябрь ойида 500 минг сўм миқдоридаги бир марталик моддий ёрдам қўшиб берилади.
Қарорда кўрсатиб ўтилган боқувчисини йўқотган оилаларнинг сони 177 мингга яқин. Бу отаси ёки онаси эрта вафот этган оилаларнинг фарзандлари. Улар ҳам кўмакка муҳтож тоифага киради, уларга ҳам худди шундай бир марталик ёрдам берилади.
Бу пул нима учун ажратиляпти? Қарорда кўрсатиляптики, моддий ёрдам эҳтиёжманд оилаларнинг янги ўқув йилига тайёргарлик кўришларига кўмаклашиш мақсадида ажратилмоқда. Ушбу оилаларнинг фарзандлари мактабга боришлари учун зарур бўладиган ўқув қуроллари, кийим-кечаклар олинишини ҳисоб-қилган ҳолда 500 минг сўмдан моддий кўмак кўрсатилмоқда.
Дилшод Султонов,
Молия вазири ўринбосари:

– 26 августда имзоланган президент қарорида Ўзбекистондаги барча мактабгача таълим, умумий ўрта таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг ходимлари 1 октябрга қадар марказлашган тартибда гриппга қарши эмланиши кўзда тутилган.
Аввалги йилларда ҳам гриппга қарши эмлаш учун республика бюджетидан маблағ ажратиларди, лекин у айрим тоифаларга татбиқ этиларди. Асосан меҳрибонлик уйида ишловчи ходимлар, ихтисослаштирилган мактаб-интернетларда ишловчилар ҳар йили гриппга қарши эмлаб келинган.














