
Ижтимоий тармоқларда 1 октябрдан бошлаб абонентлар бошқа уяли алоқа компаниясини танлаганда ҳам телефон рақамини сақлаб қолиши мумкин бўлиши ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz мухбири бу масалада Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳмадов билан боғланди.
Аҳмадовнинг аниқлик киритишича, октябрдан мобил телефон рақамини сақлаган бошқа алоқа компаниясига ўтиш мумкинлиги ҳақиқатдан йироқ. Аммо бундай имконият яқин келажакда пайдо бўлиши кутилмоқда.
«Ижтимоий тармоқларда бу каби гап-сўзларнинг тарқалишига Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидалари Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилгани, ҳужжатга кўра, мобил алоқа оператори ўзгарганда рақамлари ўзгармай қолиши ҳақидаги хабарлар сабаб бўлган. Мазкур норматив ҳужжат 31 июль куни қабул қилинган бўлса-да, 1 октябрдан кучга кириши белгиланган. Яъни ҳужжат кучга кирди деганда, унда келтирилган хизматлар ҳам ўша заҳоти кучга кириши кўрсатилмаган.
Ушбу ҳужжат Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган ҳамда вазирликнинг тегишли буйруғи билан тасдиқланган. Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган.
Бир компаниядан бошқа компанияга ўз мобил рақами билан ўтиб, янги абонент сифатида ўша компания хизматларидан фойдаланиш дунё тажрибасида бор. Қабул қилинган ҳужжатга асосан, ўзбекистонлик абонентларга ҳам ана шундай имкониятини тақдим этиш ҳаракатлари бошланади. Яъни шу пайтгача бу борада ишларни бошлашимиз учун ҳуқуқий асос йўқ эди.
Хўш, бундан кейинги қадамлар нималардан иборат бўлади? 1 октябрдан бошлаб, алоқа операторлари билан биргаликда рақамни сақлаган ҳолда мобил операторни ўзгартириш тартиби ва шартлари ишлаб чиқилади. Бу жараёнда аҳолига алоқа хизматларини кўрсатиб келаётган мобиль операторларнинг қонуний ҳуқуқ-манфаатларига устуворлик берилади.
Шундан сўнг 2020–2021-йилларда мобил алоқа операторлари томонидан зарур инфратузилма тайёрланади, керакли жиҳоз ва қурилмалар сотиб олиниши керак бўлади. Мен ҳозир алоқа операторларининг техник имкониятлари ҳақида юз фоиз тушунчага эга эмасман, шу сабабли уларнинг номидан гапиришим тўғри бўлмайди. Бу ҳақда улар билан бир стол атрофида бўлиб ўтадиган муҳокамалар чоғида бир қарорга келинади.
Моддий-техник база яратилганидан сўнг, исталган алоқа компаниясидан бошқасига ўзингиз ишлатиб юрган рақамингизни сақлаган ҳолда ўта оласиз. Масалан, сиз UMS ёки Beeline мижозисиз, уларга тегишли перификсни сақлаган ҳолда бошқа компания, дейлик, Ucell ёки UzMobile'га ўтишингиз мумкин бўлади.
















