Kun.uz мухбирининг хабар беришича, пресс-тур давомида журналистларга дастлаб руда қазиб олиш жараёнидан уни то экспорт қилиш ёки маҳсулот ишлаб чиқариш учун йўналтиришгача бўлган жараёнлар мис металли мисолида тушунтириб берилди.

Пресс-тур давомида журналистларга ҳамроҳлиқ қилган комбинат матбуот хизмати раҳбари Умида Қаршибоевага кўра, комбинатдаги иш жараёнлари дастлаб конлардан руда қазиб олишдан бошланади. Қазиб олинган руда эса мис бойитиш фабрикасига юборилади.

«Мис бойитиш фабрикасига олиб келинган рудалар бойитиш жараёнидан ўтади. Бунда рудадан концентрат олинади. Яъни руда майдаланиб, қўшимча реагентлар қўшиш орқали бойитилади ва чўкма ҳосил қилинади.

Ҳосил бўлган мис концентрати мис эритиш заводига юборилади.
Мис эритиш заводида электролиз жараёни орқали хомаки мис ва тоза мис катоди ҳосил қилинади. Бундан қолган қолдиқлар эса олтин ишлаб чиқариш учун Олтин ва кумушни аффинажлаш цехига юборилади», – деди Қаршибоева.

Тадбир давомида журналистлар юқоридаги барча жараёнларга бевосита заводларнинг ўзига кирган ҳолда гувоҳ бўлишди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати ва унинг ўзгараётган фаолияти ҳақида
1949 йилда ташкил топган Олмалиқ кон-металлургия комбинати 70 йилдирки, ўз фаолиятини барқарор ушлаб келяпти.
У Ўзбекистоннинг энг йирик, шу билан бирга мис маҳсулотларини қазиб олиш ва ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги 30та энг йирик корхоналар сафидан жой олган улкан саноат мажмуаси ҳисобланади.

Бугунги кунда комбинат очиқ ва ер ости конларидан рудани қазиб олиш, бойитиш ва тайер маҳсулот олишгача бўлган жараённи ўзида мужассам этган 45та таркибий бўлинмадан иборат.
Тошкент, Наманган, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида ўз бўлимларига эга бу корхонада 36 минг нафардан зиёд ишчи-ходимлар меҳнат қилади.




















