Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги – ЎзА сайтида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси, сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг “2020 — миллатни улғайтирган йил” мақоласи эълон қилинди. Қуйида ушбу мақола айрим қисқартиришлар билан берилмоқда.

“Дунёнинг паст-у баландини билган одамлар йилнинг келишига қараб ундан нима кутишини айта олади. Аммо 2020 йил ҳаммани шоширди. У юртдошларимиз учун ҳам, жаҳон аҳли учун ҳам оғир келди. Мен ҳам узоқ йиллар сиёсатнинг ичида юрган, бу ҳаётда яхши-ёмонни, оқ-у қорани етарлича кўрган ва уни ажрата олиш тажрибасига эга инсон сифатида бу борада фавқулодда бир тугал фикр айтишга, тўғриси, қийналаман.

Негаки, шундоқ кўз олдимизда бўлиб ўтган воқеалар, элимиз бошига тушган ташвишлар одамнинг хаёлини шоширади, фикрларни жамлашга изн бермайди. Кўрган-кечирганларимиз, мажозий айтганда, трагик фильмлар мотивларига ёки босиринқи тушга ўхшайди.

Афсуски, бу кўраётганларимиз туш эмас. У реал ҳаётда юз берган ва бераётган воқеалар. Албатта, бўлиб ўтган ва ҳамон давом этаётган ҳодисалар силсиласи барчамизнинг оромимизни ўғирлади, дилимизни хуфтон қилди. Бироқ мен Шавкат Миромоновични узоқ йиллардан буён яқиндан биладиган, унинг орзу-ўйлари, ички кечинмаларидан хабардор бир сафдоши сифатида айтишим мумкинки, бошимизга тушган бу ташвишлар энг кўп шу инсоннинг бағрини эзди, дилини яралади.

Зотан, бу йилдан, барчамиздан ҳам кўра унинг умидлари кўпроқ эди. Орзуларки, элимиз турмуш шароитини ошириш, оддий, меҳнаткаш одамлар косасини оқартириш, бу дунёга келиб, бир умр гувала деворли томлар тагида рўшнолик кўрмай, «ҳаёт шу экан, пешонамизга битилгани шу бўлса керак», дея кўрган кунига-да рози ўтаётган содда, камсуқум, сабр-бардошли ватандошларимиз кўнглини олиш, уларнинг эгилган қаддини кўтариш...

Бироқ дунё ишлари тизгини бандасининг қўлида эмас. Кўриб турганимиздек, чарх тескари айланди. Кўпни кўрган доноларимиз фалокат кутилмаганда келади, бир келса устма-уст келади, дейди. Бу йил шундай бўлди: халқимиз ва юртимизни мана шу ташвишли қисмат «айлантирди».

Гапимиз қуруқ бўлмасин. Масалан, ҳамон дунёни ларзага солиб турган коронавирус пандемиясини олинг. Унинг нақадар жиддий хавф экани ва келтириши мумкин бўлган талафотлари кўламини чамалаш учун бу йил Токиода бўлиб ўтиши кутилган тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт мусобақаси — халқаро Олимпиада ўйинларининг қолдирилганини эсга олиш кифоя.