Ўтган ҳафта Kun.uz сайтида Фарғона ва Андижон вилоятларини боғлаб турувчи асосий Асака-Қува ва Шаҳрихон-Қува йўлларидаги блокпостлар олинмагани ва транспорт қатнови учун аҳоли 150 километр ортиқча йўл босиб Бўстон тумани орқали Ёзёвонга кириб, сўнг Фарғонага кириб бораётгани ҳақида видеомақола эълон қилинган эди.

Лекин шу вақтгача бу масалада ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Ҳар икки йўл бетон тўсиқлар билан ёпилган ҳолатда турибди. Фарғона вилоят ҳокимлиги видеомақолага раддия бериб, Бўстон-Ёзёвон йўли очиқлиги ҳақида маълумот берди. Бироқ, ҳокимлик ахборотида Асака ва Шаҳрихон йўллари қачон очилиши тўғрисида айтилмаган.

Мақоладан сўнг Наманган вилоятида яшовчи аҳоли вакиллари алоқага чиқиб Фарғонага ўтиш учун асосий йўл бўлган Улуғнор туманидан ўтган катта йўл ҳам берклиги сабаб, қийналишаётганидан шикоят қилишди.

Сайт мухбирлари Улуғнор ва Ёзёвон туманлари чегарасига бориб, ҳолат билан танишди. Ҳақиқатан ҳам икки туман чегарасидаги йўлдан Андижон вилояти йўлни очган бўлсада, Фарғона вилояти шу кунгача бетон тўсиқларни олмаган. Транспорт воситалари 25-30 километр айланиб Фарғонага ўтишга мажбур бўлишмоқда.

«Биз Фарғонадан Наманганга катта ҳажмдаги юкларни ташийдиган фирмада ишлаймиз. Ҳар куни шу йўлдан юришга тўғри келади. Намангандан Ёзёвонга ўтиш йўли берклиги сабаб ортиқча 25 километр йўл босяпмиз. Айланма йўл ўнқир-чўнқир экан. Ҳам вақтдан ютқазяпмиз, ҳам ошиқча харажат. Йўлни тезроқ очиб беришса бўлар эди», дейди ҳайдовчилардан бири.

«Биз Улуғнорга бозор-ўчар, кундалик рўзғор ишлари билан ҳар куни шу ердан ўтамиз. Ёзёвондан таксига ўтириб постгача келиб тушиб, бу томонга ўтиб яна таксига ўтирамиз. Йўлкира ҳақи ҳам икки баробар ошиб кетяпти. Аҳоли жуда овора бўляпти», дейди йўловчи аёллар.