Нодир Санақулов Финландияда маркетинг тадқиқотчилиги бўйича илмий изланишлар олиб боради. У билан суҳбатда илмда босиб ўтган йўли, дунёда маркетинг тушунчаси, маркетинг илмининг бизнесдаги аҳамияти ҳақида сўз борди.

– Нодир ака, суҳбат аввалида ўзингиз ҳақингизда ҳикоя қилиб берсангиз. Ўзбекистондан чиқиб кетганингизга қанча бўлди? Қайси давлатларда таълим олгансиз, ҳозирда нима билан машғулсиз?

– Финландияда иқтисодиёт ва бизнес админстрацияси фанлари бўйича фан докторлигини ҳимоя қилиб, бир неча йилдан бери ишлаб-яшаб келяпман.

Асли самарқандликман, мактабни тамомлаб, СамДУ Кимё факультетида ўқишни бошлаганман. Ўша вақтлар илмга қизиққан ёшлар орасида чет элга чиқиш кучайган эди. 2-курсдалигимда Ҳиндистонга тўлиқ стипендияли ўқишга ёшларни олиб кетилиши ҳақида эшитдим. Шу танловга топшириб, грант ютиб олдим. Бу жуда қулай эди: ўқиш бепул, яшаш учун ҳам стипендия берилади.

2003 йилда Деҳли институтининг коллежларидан бирида ўқишни бошладим. Ундан кейин магистратурада ўқиш учун Жанубий Кореяни танладим, кореялик дўстим сабаб бўлиб бу давлатга бориш, таълим олишга қизиқдим. 2008-2010 йилларда Комбук университетида маркетинг бўйича ўқидим ва кейинги фаолиятим ҳам шу йўналишда кетди. Ўқишни тамомлаб, шу ердаги йирик компанияга ишга кирдим. Бир ярим йил ишлаган бўлсам, дарсда олган сабоқларимни амалиётда қўлланиши қизиқ туюлди ва докторантурада ўқишни режа қилиб бордим.

Менга нордик давлатлар ёқарди, шу сабаб Финландиядан докторантурада ўқиш учун университет изладим. Кейин бўлажак устозим, Финландиядаги университет профессорига магистрликдаги қилган ишларимни жўнатдим.

Докторлик унвонини олиб, Евроиттифоқнинг таълимга қаратилган лойиҳаларида қатнашдим, шунингдек, ҳозирда маркетинг менежментидан дарс бераман.

Кези келганда айтиб ўтай, Финландияда ўқишга эътибор кучли бўлгани учун, иш топишда кучли рақобатга дуч келасиз, сиз докторантурани тугатган бўлсангиз-да, бир ўринга ҳатто 25 нафаргача номзод тўғри келиши мумкин.

– Маркетинг илм ўлароқ нимани ўрганади? Маркетинг нега илм сифатида ўрганилади? Бу илм соҳаси Ўзбекистонда қай ҳолатда?

– Маркетинг бу – вақт ўтиши билан ўзгарадиган соҳа. Негаки, маркетинг деганда ҳар бир профессор ёки тадқиқотчи ўз тарифини беради. Ҳамма ўз фикр дунёқарашига қараб тариф беради, яъни ўз тушунчаси бўйича кўради.

Маркетинг соҳаси бўйича энг нуфузли ташкилот бу – Америка маркетинг ассоциацияси ҳисобланади. Бу ташкилот ҳар 3 йилда маркетингнинг янгиланган тарифини чиқаради. Чунки бу жуда ўзгарувчан бўлгани учун тез-тез янгиланиб боради. Маркетинг бўйича айтилган 20 йил олдинги гап ҳозиргига тўғри келмаслиги мумкин.