Энди қўрқмаяпман, ўзимга ишондим
Олима Абдиева Навоий шаҳрига Бухородан келин бўлиб тушган. Келинлик уйда бир неча хўжалик яшашгани ва оиланинг даромади бўлмагани сабабли «Темир дафтар»га киритилган.
Олиманинг ўзида тикувчиликка уқув ва рағбат бўлгани сабабли шаҳар ҳокимлигидан кўмак сўрайди. У нафақат ўзи меҳнат қилиб даромад топиши, балки яна уч-тўрт камбағал оилада истиқомат қилаётган хотин-қизларни ҳам ишлатиши мумкинлигини айтади.
«Менга ҳокимлик ёрдам берди, тез орада олти ойлик имтиёз билан 24 миллион сўм кредит ажратилди. Мана, чоғроққина бўлса ҳам хонани ижарага олдик, маҳалладан қизлар иш сўраб келишяпти. Ҳозирча уларга озроқ бўлса-да, даромад қилишлари, шунинг баробарида махсус курсда ўқишлари учун ҳаракат қиляпман. Насиб этса, энди ўзимизни тутиб оламиз. Ишламаган, ҳаракат қилмаган одам оғир шароитга тушиб қоларкан. Энди қўрқмаяпман, шу ишимиз ортидан уй, машина олишимизга, яна кўпчиликнинг рўзғорини обод қилишимизга ишоняпман» дейди Олима Абдиева.

Тикув машинаси ҳар доим ҳам чора эмас
Мунира опага осон бўлмаяпти. Бу оила «Темир дафтар»га кирган. Яъни, эҳтиёжманд ва ночор аҳволда. Турмуш ўртоғи ҳайдовчилик қилган, бироқ карантин даврида бутунлай даромадини йўқотган. Қизи ҳали ёш, қўлидан келган меҳнатни қилиб, оиласига кўмаклашмоқда.
Мунира опа учун аслида камбағаллик қўрқинчли эмасди. Унинг ўғли уч йилки оғир бетоб, оққон касаллигига чалинган.
«Карантин даврида озиқ-овқат маҳсулотларидан қийналганимиз йўқ. Тез-тез маҳалла ва ҳомийлар томонидан ёрдам бериб турилди. Жуда иймандим, уялиб ҳам қолдим. Бунга ўрганмаганман. Ўғлим касал бўлгунча ишлардим, ҳозир уни ташлаб кетолмаяпман. Фарзандимни даволатиш учун уйимизни ҳам сотмоқчи бўлдик. Рости, ҳокимлик ташаббус қилиб тикув машинаси олиб берди. Миннатдорман. Қўлимдан келгунича қўни-қўшниларга кўрпа-кўрпача тикиб беряпман. Лекин ҳозирги шароитда бунга унчалик талаб йўқ», дейди Мунира опа.

Очиғи, бу аёл гапираркан, кимдандир нолимади, кимнидир айбламади. Фақат йиғлади, йиғлайверди. Қайта-қайта маҳалладан ҳам, ҳокимиятдан ҳам розиман, деди. Бироқ, тушундикки, тикув машинаси ҳамма оила учун ҳам камбағалликдан чиқиш йўли эмас. У давлат ишида ишлаган, тикувчи бўлмаган. Қолаверса, онанинг энг катта дарди бугун фарзандининг ҳолати.












