Ҳаракатлар режасида аҳоли бандлиги, даромадларини ошириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича асосий чора-тадбирлар кўрсатиб ўтилган.
Таъкидланишича, ички тўлов қобилиятига эга талабнинг тикланиши ва кенгайиши меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг бандлигини ошириш ва даромад олишлари бўйича амалга оширилган чоралар билан боғлиқ. Ушбу мақсадлар учун 2020 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ажратилган кредитлар ҳажми 4 триллион сўмни ташкил этади.
Аҳолини иш билан таъминлаш, оилавий бизнесни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари фаолиятини қайта тиклаш, уй-жой, ижтимоий инфратузилмани қуриш ва реконструкция қилиш, янги қишлоқ хўжалиги ерларини фойдаланишга топшириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар йил охирига қадар 810,6 мингта доимий иш ўринлари тикланишига, 302,8 мингта доимий ва 662,8 мингта вақтинчалик ҳамда мавсумий иш ўринлари яратилишига имконият беради.
Жумладан, “Ягона миллий меҳнат тизими” орқали 265,2 минг нафар ишсизлар бўш иш ўринларига жойлаштирилади, 301 минг киши жамоат ишларига жалб қилинади, 53,6 минг киши тадбиркорлик ва уй-жой майдонларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик ҳамда тикувчилик кооперативларида аъзолик учун субсидиялар билан таъминланади, 42,8 минг киши бепул тарзда касб-ҳунарга ўқитилади.
Келтириб ўтилган барча чора-тадбирлар Ўзбекистон президенти ва ҳукуматининг қарорлари билан тасдиқланган ҳамда амалий чора-тадбирлар режасига киритилган.
Бандликни, шу жумладан, расмий бандликни кенгайтириш, шунингдек, аҳоли даромадларини ошириш учун қўшимча шароитларни яратиш мақсадида, 2020-2021 йиллар учун амалий чора-тадбирлар режаси қуйидагиларни назарда тутади:
а) 2020 йил якунига қадар:
- аҳолининг камбағал қатламлари билан ишлашнинг амалдаги шаклидан Жаҳон банки ва БМТ Тараққиёт Дастури билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан узвий боғлиқликдаги узоқ муддатли камбағалликни қисқартириш Стратегиясини ишлаб чиқиш асосида камбағалликни қисқартиришга қаратилган стратегик ва дастурий чора-тадбирларни амалга оширишга ўтиш. Бунда, 4 та мезон (мутлақ, нисбий, моддий депривация ва камбағалликнинг кўп ўлчамли индекси)дан фойдаланиш орқали Тошлоқ туманида синов тариқасида камбағалликни баҳолаш услубиётини амалиётда қўллаш;
- Сирдарё вилоятидаги синов лойиҳаси, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича тажриба асосида, айниқса, пандемия шароитида, ижтимоий ҳимоя реестрини жорий қилиш;

















