Урушни ёқтирувчи «тинчликпарвар» ва Саманта Смит ёхуд ҳаммаси Юрий Андропов ҳақида

Юрий Андропов – СССР дипломати, КГБ раҳбари, КПСС Марказий қўмитасининг биринчи котиби. У СССРни бор йўғи 15 ой бошқарган бўлса ҳам, амалда мамлакатни 10 йилдан ошиқ назорат қилгани айтилади. Бевақт ўлим Андроповга СССРни узоқроқ бошқаришига йўл бермади. Агар у тахтда узоқроқ ўтирганида яна нима воқеалар содир бўлар эди, буни ҳатто тахмин қилиб бўлмайди. Балки, Ўзбекистонда бўлгандай яна қайсидир республикани «тозалаш учун» учун «десант» туширармиди? Ёки Афғонистонга қўшин киритгандай, яна қайсидир мамлакатни «социалистик лагер»га қўшиб олиш учун қўшин киритармиди?

ХХ асрнинг 80-йилларида қарийб ўн йил давом этган афғон уруши бугун тарихчилар томонидан СССР раҳбарияти йўл қўйган энг жиддий хато сифатида қайд этилади.

Афғонистонда 1973 йилда Муҳаммад Довуд томонидан мамлакат раҳбари Муҳаммад Зоҳиршоҳнинг ағдариб ташланиши билан бошланган ҳодисалар 1978 йилга келиб анча жиддий тўқнашувларга айланиб кетади. Ўзига чегарадош бўлган мамлакатдаги талотўплардан фойдаланиб СССР раҳбарияти у ерда социалистик тузум ўрнатиш учун ҳаракатлар бошлайди.

1979 йил 12 декабрда Кремлда махфий қарор қабул қилинади. Қарор Афғонистонга қўшин киритиш ҳақида эди ва унинг ижросини таъминлаш Юрий Андропов, Дмитрий Устинов ва СССР ташқи ишлар вазири Андрей Громико зиммасига юклатилади. Шу тариқа «дўст афғон халқига ёрдам бериш» баҳонасида Афғонистонга аввал КГБ бўлинмалари, уларнинг ортидан СССР армияси бостириб киради.

Афғонистондаги урушда СССР кўплаб қурбонлар берди, аскарлар майиб-мажруҳ бўлиб қайтишди, халқнинг миллиардлаб маблағи беҳуда сарфланди. Бундан ташқари, мамлакат халқаро майдонда турли санкцияларга дуч келиб иқтисодий тарафдан анча қийналиб қолди. Охир-оқибат нима бўлганини биласиз – дунёнинг иккинчи қутби бўлишга даъвогар бўлган ва қисман бунга эришган давлат Ер харитасидан ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетди.

Ўшанда Афғонистонга қўшин киритиш, бу мамлакатда зўрлик билан бўлса ҳам социалистик тузум ўрнатиш режаси мамлакат раҳбари Брежневнинг режаси бўлмаган. Гарчи совет армияси Брежнев ҳукмронлигининг илк йилларида Вьетнам урушида қатнашган бўлса ҳам, бу шахс урушни ёқтирадиганлар сафига кирмасди.

Масалан, СССРнинг АҚШ билан муносабатлари айнан Брежнев даврида энг яхши кўринишга эга бўлади ва АҚШ президенти Ричард Никсон 27 йиллик танаффусдан сўнг, қисқа муддатда СССРга икки марта давлат ташрифи билан келади. Унгача, 1945 йил Ялта конференцияси ўтказилиши муносабати билан СССРга келган Франклин Рузвельтдан сўнг СССРга бирорта АҚШ раҳбари келмаган эди.