«Манчестер Юнайтед» ҳамда Россия миллий жамоаси собиқ футболчиси саналмиш Андрей Канчельскис ҳозирги кунда Наманганнинг «Навбаҳор» клуби бош мураббийи сифатида фаолият олиб бормоқда. Яқинда коронавирус юқтириб олган мутахассис Россиянинг «Спорт-Экспресс» нашрига интервью бериб, даволаниш жараёни, Суперлига, Остон Ўрунов ва Жасур Жалолиддинов ҳақидаги саволларга жавоб қайтарди.
«Коронавирус туфайли ўпкамнинг 20 фоизи зарарланган»
— Андрей, ўзингизни қандай ҳис қилаяпсиз?
— Раҳмат, ҳозир анча яхшиман. Пайшанба кунидан буён шифохонадаман, даволаниш муолажаларини олаяпман. Кунига уч маҳал укол қилишаяпти. Аслида топширган тестимда коронавирус аниқлангач, дарҳол шифохонага ётмоқчи бўлдим, аммо Тошкентда бу борада муаммолар бор. Ҳамма жой банд.
— Касалланганлар наҳотки шу даража кўп?!
— Мен ҳали даволаниш бепул бўлган клиникалар ҳақида гапирмадим. Ҳаттоки пулга ҳам бўш койкаларни топиш қийин. Компютер томографиясидан ўтишим учун бир соат навбатда туришимга тўғри келди.

— Даҳшат.
— Охир-оқибат дўстларим махсус Covid-19ни даволайдиган хусусий клиника билан гаплашишди. Бу ерда юқори малакали шифокорлар бор. Тўлиқ текширувдан ўтказишди, таҳлиллар топширдим. КТ орқали текширилганда эса ўпкамнинг 20 фоизи зарарлангани маълум бўлди. Шифокорлар: «Ўз вақтида мурожаат этдингиз, яна 1-2 кун кечиксангиз жиддий муаммога йўлиқардингиз», дейишди.
— Қачон касалландингиз?
— 28 август куни. Дастлабки кунларни меҳмонхонада хонамдан чиқмай ўтказдим. На йўтал, на иситма бор эди. Тўсатдан иситмам 39 даражага чиқди. Дарҳол шифохонага ётишим кераклигини тушундим.
— Ҳид сезиш йўқолдими?
— Йўқ. Бироқ ҳолсизлик шу даража қамраб олдики, ҳеч нарса ёқмай қолганди. На ейиш, на ичиш, на гапириш. Фақат тўшакда ёнбошлардим. Ё ухлардим ёки шифтга тикилиб ўтирардим. Иштаҳам йўқ, фақат чанқадим. Бир неча кун ичида 5 килога оздим.
Шифохонада эса анча тузалдим. Ҳозирга келиб иштаҳам очилган, ўзимни тетик ҳис қиляпман. Айниқса, касалликнинг асоратлари оғир бўлмаганидан хурсанд бўлаяпман. Аҳволим кундан-кунга яхшиланиб бормоқда.



















