1 декабрь куни Россия нашрларида Наманганнинг «Навбаҳор» клуби собиқ бош мураббийи Андрей Канчельскисга номаълум шахслар томонидан таҳдидлар бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мутахассиснинг маълум қилишича зўравонлар ундан ФИФА орқали ўзбек клубидан ундирмоқчи бўлаётган 1,6 миллион евро маблағ масаласида талабини пасайтиришни, акс ҳолда уни майиб қилишларини айтиб, қўрқитишган. Ушбу можароли вазият Россия футбол ҳаётидаги асосий воқеага айланмоқда.

Ўзи нима бўлган эди?

2020 йилда Канчельскис маошлар масаласидаги қарздорликдан сўнг Наманган клубини тарк этганди. Кўп ўтмай, у ФИФАга бу масалада мурожаат қилгач, футболдаги бош ташкилот «Навбаҳор»дан россиялик мураббий фойдасига жами 1,6 миллион евро миқдоридаги товон пули ва қарздорликни ундириш ҳақида қарор чиқарган.

22 ноябрь куни кечга яқин Москвадаги «Оазис» ресторанида овқатланаётган Канчельскис ёнига уч нафар номаълум шахс келиб, ундан Ўзбекистонда ишлагани ва 80 минг АҚШ доллари миқдорида тўлов қилиш бўйича таклиф олгани ҳақида сўрашади. Унгача эса айнан шунча маблағ билан масалага нуқта қўйиш ҳақида «Навбаҳор» клуби президенти Канчельскисга таклиф билан чиққан эди.

«Сиз судга бердингиз. Энди ҳеч нарса ололмайсиз! Агар шу маблағга (80 минг АҚШ доллари) рози бўлмасангиз, бир умрга майиб бўласиз. Оёғингни синдирамиз, аравачада юрасан», дея гумондаги шахслардан бирининг сўзларини келтиради «Мутко против» Telegram-канали кузатув камераларидаги видеони келтириб.

«Навбаҳор» собиқ устози таҳдидлардан сўнг полицияга мурожаат қилган. Қайд этилишича, Канчельскисни анчадан буён кузатишган. Ресторан ишчиларининг сўзларига кўра, бу шахслар бу ерга олдин ҳам бир неча марта кириб, россиялик мураббийни шу ердан излашган.

«Таклифдан бош тортсам, оёқ ва қўлларимни синдиришларини айтишди»

Канчельскис «СЭ» билан суҳбатда бўлган воқеаларни айтиб берди.

«Полицияга мурожаат қилганимиз рост. Аммо бу маълумот қандай қилиб ОАВда пайдо бўлгани қизиқ. Органларимиз қандай ишлаши мен учун тушунарсиз. Барча таҳдидлар ФИФА ва УЕФАга етказилади. Бу иш билан ҳозир жиддий шуғулланишимиз керак. Полициядан ҳозирча олганимиз – ушбу маълумотни кутилмаганда тарқалиши бўлди, бошқа ҳеч қандай реакция бўлгани йўқ. Ўйлайманки, тез орада маълумот кўпроқ бўлади. Бу кимсаларни тезроқ топиб, қонун доирасида чора кўришларини хоҳлайман.