Ўзбекистон | 15:15 / 07.09.2020
14405
2 дақиқада ўқилади

«Таксичиларни ҳам ўзини ўзи банд қилувчилар рўйхатига киритиш бўйича иш олиб борилмоқда» - Молия вазири ўринбосари

Бугун, 7 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов таксичиларни ҳам ўзини-ўзи банд қилганлар рўйхатига қўшиш бўйича ишланаётгани ва бу бўйича 1-2 ойда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилишини маълум қилди.

«Бугунги кунда таксичилар ҳар куни тиббий ва техник кўрикдан ўтиши керак бўлган юридик шахс ҳисобланади. Давлат раҳбари эса таксичиларни ҳам ўз-ўзини банд қилувчи тоифага киритиш ҳақида топшириқ берган эди. Буни амалга ошириш учун 1-1,5 ой вақт кетиши мўлжалланганди. Ҳозир бу бўйича ишлар олиб борилмоқда. Лекин техник ишларни келишиш қийин бўлмоқда.

Чунки уларнинг фаолият юритиши учун айрим талаблар бор. Биринчидан, таксига чиққан йўловчи ким билан кетаётганини билиши шарт. Иккинчидан, таксилар маълум муддатда техник кўрикдан ўтиб бориши керак. Ҳозир бу бўйича Транспорт вазирлиги билан келишув олиб борилмоқда.

Ҳайдовчиларнинг ҳар ҳафта ёки ҳар куни тиббий кўрикдан ўтиши масаласи Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан муҳокама қилинмоқда», деди Дилшод Султонов.

Унинг айтишича, таксичиларни ҳам ўзини-ўзи банд қилганлар рўйхатига қўшиш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида 1-2 ойда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилади.

«Бунда ўта эҳтиёткор бўлиш талаб этилади. Сабаби бир томонда ўзини банд қилган фуқаро манфаати турса, иккинчи томонда жамоатчилик манфаати туради», деди Дилшод Султонов.

Шунингдек, матбуот анжуманида Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Олимжон Файзибоев ҳозирга қадар 67 меҳнат тури бўйича 370 мингдан ортиқ фуқаро ўз-ўзини банд қилувчи сифатида рўйхатдан ўтганини айтиб ўтди.

Қайд этилишича, ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида йил охиригача 500 мингга яқин шахс рўйхатдан ўтиши кутилмоқда. Ҳозирга қадар Тошкент шаҳри, Фарғона, Наманган ва Бухоро вилояти фуқаролари  ўзини ўзи банд қилувчилар рўйхатида фаоллик кўрсатмоқда.

Мавзуга оид