Жаҳон | 10:05 / 10.09.2020
3850
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Афғонистондаги ҳарбийлари сонини деярли икки баробарга камайтиради

Вашингтон Шарқдаги ҳарбий контингентини камайтиради, шу билан бирга, уни Европада оширади.

Қўшма Штатлар кейинги бир ярим-икки ой давомида Афғонистондаги контингентини 8,6 минг аскардан 4,5 минг аскаргача қисқартиради. Бу ҳақда АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги раҳбари, генерал Кеннет Маккензи 9 сентябрь, чоршанба куни The New York Times газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Ноябрга қадар, октябрнинг охири-ноябргача биз 4,5 минг аскар кўрсаткичига яқинлашамиз», - дея аниқлик киритди Маккензи.

Унинг сўзларига кўра, америкалик аскарларнинг кўрсатилган сони Афғонистон ҳудудида барча керакли вазифаларни бажариш учун етарли. Шу билан бирга, «Ал-Қоида» ва ИШИД жангарилари америкалик ҳарбий хизматчиларга ҳужум қилмайди.

«Бизнинг стратегик манфаатларимиз, муҳим манфаатларимиз бор, улар бизда «Ал-Қоида» ва ИШИД каби гуруҳлар у ерда бўлмаслиги ва Қўшма Штатларга ҳужум қилиши мумкин эмаслигига ишонч уйғотади», - деди генерал.

Аввалроқ, Маккензи Ироқда АҚШ ҳарбий контингенти сентябрь ойи охирига қадар қисқартирилишини айтганди - тахминан 5,2 минг аскардан уч минг аскаргача.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид