Ўзбекистон | 13:05 / 10.09.2020
4859
3 дақиқада ўқилади

«Ўзкомназорат» онлайн савдодаги фирибгарлик ҳолатлари ҳақида огоҳлантирди

Ноқонуний савдо таклиф этган фирибгарлар енгил пул топмоқчи, тижорат қилмоқчи бўлган шахсдан дастлабки маблағни электрон шаклда қабул қилиб олгач, пулларни қайтармайди ва бундан бизнес бошламоқчи бўлган фойдаланувчи зарар кўради. 

Бутун дунёда 15 мартдан буён давом этаётган коронавирус пандемияси даврида онлайн харидлар, аҳоли орасида электрон тижорат, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали савдони амалга ошириш янада оммалашди. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам Facebook, Instagram, Telegram ва Whatsap каби иловаларда интернет фойдаланувчилари ўзаро олди-сотди ишларини амалга оширмоқда.  

Интернет орқали савдоларни амалга ошириш жараёни одамларнинг вақтини тежайди, уларнинг карантин тартиб-қоидаларига амал қилиши, одамлар кўп жойларга, бозорлар, савдо марказларига бормаслигини, коронавирус инфекциясини юқтириб олиш хавфини камайтиради. Бироқ, айни шу жараёнда интернетдаги онлайн савдолар фирибгарларнинг турли схемаларни амалга оширишида қўл келмоқда. 

“Ўзкомназорат” давлат инспекцияси ахборот хизмати хабарига кўра, шу кунларда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг аксарияти яна бир фирибгарлик схемаси пайдо бўлгани ҳақида постлар қолдириб, ушбу ҳолатга муносабат билдирмоқда. 

Фирибгар фойдаланувчига мурожаат қилиб тижорат мақсадида шахсий бизнесни – турли буюмлар, маҳсулотлар, дори воситалари, препаратлар ва яна бошқа нарсалар сотишни йўлга қўйишни таклиф қилади. Бошланмасига 500 минг сўм ёки 1 миллион сўм атрофидаги маблағ билан савдони йўлга қўйиб, яхши даромад қилиш мумкинлигини тушунтиради. Ноқонуний савдо таклиф этган фирибгарлар енгил пул топмоқчи, тижорат қилмоқчи бўлган шахсдан дастлабки маблағни электрон шаклда қабул қилиб олгач, пулларни қайтармайди ва бундан бизнес бошламоқчи бўлган фойдаланувчи зарар кўради. Икки томон ўртасида ҳеч қандай қонуний ҳужжатнинг йўқлиги, фойдаланувчининг ўзи фирибгарга ишониб пластик картасидаги маблағни ўтказиб бергани ишни янада чигаллаштиради.

“Ўзкомназорат” давлат инспекцияси мессенжерлар ва ижтимоий тармоқларда бу каби “тармоқли маркетинг”, “янгича бизнес”, “катта даромад келтирадиган иш” каби эълонларни диққат билан кўздан кечириш лозимлигини эслатиб ўтган. Фойдаланувчиларга шу каби тижорат йўлларини таклиф қилаётган бегона шахсларга пластик карта рақами, паспорт маълумотлари ва бошқа шахсий ахборотларни ошкор қилмаслик, уларнинг ҳисоб рақамига ўз пулларини ўтказиб бермаслик тавсия этилган.

Мавзуга оид