Жамият | 16:51 / 10.09.2020
7179
2 дақиқада ўқилади

Йил якунигача мактабгача таълим қамрови 59,5 фоизга етказилади – вазир

Ҳозирда Ўзбекистон бўйича 1,5 млн нафар бола мактабгача таълим тизимига қамраб олинган.

Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин Ўзбекистонда боғча ёшидаги болаларни таълим билан қамраб олиш борасидаги ишлар хусусида ахборот берди.

«Сўнгги уч йил мобайнида республика бўйича 1,5 млн нафар болани мактабгача таълим билан қамраб олишга эришилди. Бу 2017 йилдаги кўрсаткичдан икки баробар кўпроқдир. Жорий йилнинг охирига қадар қамровни 59,5 фоизга етказиш режалаштирилган.

Шунингдек, мактабгача таълим ташкилотлари сони ҳам тобора ортиб бормоқда. 2017 йилда МТТларнинг умумий сони 5 мингта бўлган, ҳозирга келиб уларнинг сони 14 мингтадан ортди», деди Агриппина Шин 10 сентябрь кунги матбуот анжуманида.

Анжуманда қайд этилишича, 2020 йил якунига қадар 18та янги боғча биноси қуриб битказилиши, 129та бўш иншоотлар фойдаланишга топширилиши ва 261та давлат боғчалари таъмирланиши белгиланган. Бу 32,7 минг нафар тарбияланувчи учун янги ўринларни яратади.  

Вазирнинг сўзларига кўра, мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклиги формати ҳам рағбатлантирилмоқда.

«2018-2019 йилларда Мактабгача таълим вазирлиги умумий қиймати 3,89 трлн сўмга тенг бўлган давлат-хусусий шериклиги бўйича шартномаларни имзолади. Булардан 1,1 трлн сўм тадбиркорлар ҳисобидан, 2,8 трлн сўм имтиёзли кредитлар асосида ажратилган.

Яқин орада қуввати 147,9 минг ўринга тенг бўлган нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. 2020 йилда 2 мингта оилавий ва 420та ДХШ доирасидаги МТТлар очилиши режалаштирилган», дея вазирнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид