Халқ депутатлари Андижон вилояти Хўжаобод тумани кенгашининг 9 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида Зоҳиджон Аҳмадалиев туман ҳокими сифатида таништирилди.
Сессияда 2019 йилдан буён туман ҳокими сифатида ишлаб келган Отабек Расулов ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилгани, унинг ўрнига вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Зоҳиджон Аҳмадалиев Хўжаобод туманининг янги ҳокими этиб тайинлангани маълум қилинган.
Депутатлар билан келиша олмаган ҳоким

Август ойи охирларида ижтимоий тармоқларда Халқ депутатлари Хўжаобод туман кенгашининг бир гуруҳ депутатлари туман ҳокими Отабек Расуловнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, президентга ва бошқа қатор давлат идораларига мурожаат йўллагани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Мурожаатда ҳокимнинг давлат мулкини талон-торож қилиш, ер сотиш, бюджет маблағларини ноўрин сарфлаш, кадрлар сиёсатидаги шошқалоқлик, тадбиркорларнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётгани, маънавий-ахлоқий томондан ҳам «тескари ўрнак» бўлаётгани таъкидланган.
Шунингдек, мурожаатда ҳоким Отабек Расулов 2019 йилги парламент сайловлари вақтида депутатликка номзодлар рўйхати ОАВда эълон қилинишига бир кун қолганида, сиёсий партияларга тазйиқ ўтказиб, номзодлар рўйхатини ўзбошимчалик билан ўзгартиргани ҳам қайд этилганди.
Депутатлар ўз мурожаатида туман ҳокимининг ишини алоҳида ўрганиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ тузиб, гуруҳи ишига ўзлари ҳам жалб этилишини сўрашганди.
Депутатлар ҳоким ҳақида нималар дейишганди?
Депутатлар мурожаатидан сўнг Kun.uz мухбирлари Хўжаобод туманида бўлиб, ҳокимдан норози ва унинг тарафида бўлган бошқа депутатлар билан суҳбат уюштирганди.
Учрашув давомида 7 нафар депутат ва маҳалла фаоллари туманда давлат мулкини талон-торож қилиш, ерларни ноқонуний сотиш, коррупция, давлат бюджетини ўзлаштириш, қонунбузарликлар авж олгани, туман ҳокими аҳоли муаммоларини кўтариб чиққан депутатларга босим ўтказиши каби ҳолатлар уларни юқори органларга мурожаат қилишга мажбур қилгани ҳақида айтишган эди. Депутатлар тумандаги ҳолатни ўрганиш учун республика юқори органлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳи текшириш ўтказишини сўрашган.


















