«Ҳозирги вақтда Марказий Осиё минтақасида туб ўзгаришлар юз бермоқда. Биз минтақа давлатлари ўртасида яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳурмат муҳитини яратишга эришдик.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган ташаббусга асосан мунтазам ўтказилаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари умумий ютуғимиз бўлди.
Охирги тўрт йилда Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми салкам беш баробарга ўсди.
Мамлакатларимиз ушбу синовли кунларда бир-бирини ёлғиз қолдирмасдан, ўзаро елкадош бўлдилар.
Бугун Марказий Осиё давлатлари олдида муҳим стратегик вазифа турибди. У ҳам бўлса, минтақамизнинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлашдир.
Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очишни таклиф этамиз.
Бугунги кунда Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш соҳасида ҳам самарали ҳамкорлик олиб борилмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Глобал антитеррор стратегияси муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Биз ушбу стратегия доирасидаги Минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференцияни ўтказиш тарафдоримиз.
Маълумки, минтақамизнинг кўҳна ва бой маданий мероси глобал аҳамиятга эга. Биз 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» деган мавзуда халқаро форумни ўтказишга тайёрмиз», деди президент.
Президент судларнинг чинакам мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган кенг қамровли ислоҳотлар изчил амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтган.
«Коррупцияга қарши муросасиз кураш янги босқичга кўтарилди. Бу борада муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, мустақил тузилма – Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.
Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотлар жадал давом эттирилмоқда. Биз биринчи марта камбағалликни камайтириш ҳақидаги қатъий қароримизни очиқ эълон қилдик.Бунга тадбиркорликни ривожлантириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш, инвестиция ва бизнес муҳитини яхшилаш ҳамда замонавий инфратузилмани барпо этиш, одамларни янги касб-ҳунарларга ўргатиш ва аҳолига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш орқали эришмоқдамиз.
Мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади. Республикамизда ҳар бир йигит-қизнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда Ёшлар парламентлари, Ёшлар ишлари агентлиги фаолият кўрсатмоқда», деган президент.















