Ўзбекистон | 07:29 / 25.09.2020
7944
2 дақиқада ўқилади

АҚШ эронлик курашчи қатл этилиши билан боғлиқ ҳолда Теҳронга қарши санкциялар киритди 

Фото: AFP

АҚШ Эронга қарши янги санкциялар киритди. Улар 27 ёшли эронлик курашчи Навид Афқарийнинг қатл этилиши билан боғланган. Аввалроқ курашчининг афв этилишини шахсан АҚШ президенти Дональд Трамп ва Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах сўраган эди.

АҚШ молия вазирлиги Эронга қарши санкциялар рўйхатига Широз ва Машҳад шаҳарлари судьялари Саид Маҳмуд Саодатийни ва Муҳаммад Султонийни киритган. “Қора рўйхат”га, шунингдек, Широздаги суд ва учта маҳаллий турма киритилган.

АҚШнинг Эрон ва Венесуэла бўйича махсус вакили Эллиот Абрамснинг таъкидлашича, Саодатийга қарши санкциялар айнан у Афқарийга ўлим жазосини чиқаргани учун киритилган.

“Инқилоб судлари” деб аталувчи бу судлар АҚШдаги ҳақиқий суд томонидан ҳеч қачон тан олинмайди. Уларнинг мақсади – Эрон раҳбариятининг бўғувчи хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ва озодлик учун курашувчи эронликларни жазолашдир”, деб айтган АҚШ вакили.

Эроннинг юнон-рум кураши бўйича чемпиони Навид Афқарий 12 сентябрда Широздаги Одилобод турмасида қатл этилган. Аввалроқ у ҳукуматга қарши акцияларда иштирок этиш, тузумни ағдаришга уриниш ва қотилликда айбдор деб топилган.

Афқарийнинг ўзи турмада қийноққа солинганини айтган ва айбини тан олмаган. 

Мавзуга оид