Ўзбекистон | 08:23 / 25.09.2020
3468
3 дақиқада ўқилади

Маҳалла вазирлигининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш борасидаги фаолияти такомиллаштирилади - Ҳукумат қарори лойиҳаси

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг аҳоли мурожаатларини тезкор қабул қилиш ва кўриб чиқиш орқали фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятни такомиллаштириш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш борасидаги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги марказий аппарати тузилмасида Мурожаатлар билан ишлаш бўлими ва Хотин-қизлар муаммолари билан ишлаш бўлими негизида 5 нафар штат бирлигидан иборат вазирликнинг Мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси ҳамда бошқарма таркибида аҳоли муаммоларини масофадан тезкор қабул қилиш ва кўриб чиқилишини мувофиқлаштириб борувчи Call-марказ ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Бошқарманинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишда мурожаатлар билан ишлашнинг самарали тизимини ташкил қилиш;

мурожаатларнинг қонун ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилган ҳолда тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқилиши ҳамда аниқланган муаммоларнинг ҳал этилишини назорат қилиш;

келиб тушган мурожаатларнинг кўриб чиқилиши ва ҳал этилиши устидан “маҳаллабай” тизимли мониторингини олиб бориш;

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизимида мурожаатлар билан ишлашни такомиллаштириш ва самарали ташкил қилиш бўйича ташкилот ва идоралар билан ҳамкорлик ўрнатиш.

Белгилаб қўйилишича, Call-марказ 2 нафар смена бошлиғини қўшиб ҳисоблаганда 12 нафар оператордан иборат бўлиб, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, шунингдек, бино ва иншоотларни жорий таъмирлаш, жиҳозлаш (мебель, компьютер техникаси ва бошқа моддий-техника воситаларини харид қилиш) Вазирлик ҳузуридаги “Обод ва хавфсиз маҳалла” жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Вазирлик билан биргаликда уч ой муддатда Call-марказни фуқаролар билан ўзаро алоқани амалга ошириш, мурожаатларини қабул қилиш ва ахборот тақдим этиш учун мўлжалланган республика (ҳудуд) доирасида ягона қисқа рақам бўйича ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган “тезкор алоқа”нинг телефон рақамлари ҳамда юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғига улаш ва барча ҳудудларда белгиланган тартибда замонавий телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имкониятини таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид