Вазирлар Маҳкамасининг «Навоий вилояти таркибида Ғозғон шаҳар ҳокимлигини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг «Навоий вилояти Нурота тумани Ғозғон шаҳарчасини Ғозғон шаҳри этиб ўзгартириш, Ғозғон шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш ҳамда Навоий вилояти Нурота тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида» 2019 йил 2 майдаги 2491-III-сон қарорига ҳамда Олий Мажлис Сенатининг «Навоий вилояти Нурота тумани Ғозғон шаҳарчасини Ғозғон шаҳри этиб ўзгартириш, Ғозғон шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш ҳамда Навоий вилояти Нурота тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида» 2019 йил 3 майдаги СҚ-419-III-сон қарорига мувофиқ Навоий вилояти бўйсунувидаги Ғозғон шаҳри ташкил этилган.

Навоий вилояти таркибида вилоят бўйсунувидаги Ғозғон шаҳар ҳокимлиги ташкил этилмоқда.

Қуйидагилар:

Ғозғон шаҳар ҳокимлиги бошқарув аппаратининг намунавий тузилмаси;

Ғозғон шаҳридаги давлат органлари ва ташкилотларининг бўлинмалари ва бошқарув ходимларининг сони тасдиқланди.

Белгиланишича, Ғозғон шаҳрида жойлашган давлат органлари ва ташкилотларининг бошқарув ходимлари вазирликлар ва идораларнинг умумий штат бирликлари доирасида киритилади.

Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов:

ўн кун муддатда Навоий вилояти таркибида вилоят бўйсунувидаги Ғозғон шаҳар ҳокимлигини ташкил этиш билан боғлиқ зарур ташкилий-техник тадбирлар комплексини ишлаб чиқади ва белгиланган муддатларда амалга оширилишини таъминлайди;

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Ғозғон шаҳри бюджетининг прогноз параметрларини белгилайди;

Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Ғозғон шаҳрини ташкил этиш даврида иқтисодиёт тармоқларининг аниқ, барқарор ва бир маромда ишлашини, шунингдек, юзага келадиган ижтимоий масалаларнинг ўз вақтида ҳал этилишини таъминлайди;

Навоий вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда Навоий вилояти таркибида вилоят бўйсунувидаги Ғозғон шаҳри ташкил этилиши муносабати билан янгидан ташкил этилаётган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий тузилмаларини кўп йиллик тажрибага эга бўлган малакали кадрлар билан тўлдириш, шунингдек, Нурота туманидаги мавжуд штатларни қисқариши натижасида бўш қолаётган шахсларни ишга жойлаштириш чора-тадбирларини кўради;