«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати коронавирусга қарши кураш тадбирлари бўйича асосли эътирозлар борлигини билдириб, масъулларга бир нечта саволлар билан мурожаат қилди.
Умумиллий ҳаракат баёнотига кўра, 6 ойдан ортиқ вақт давомида ижобий натижаларга эришилган бўлса-да, кўрилаётган чораларнинг самарадорлиги билан боғлиқ саволлар жамоатчилик орасида тобора кўпайиб бормоқда, бу эса фуқароларда қабул қилинаётган қарорларга ишончсизлик ортишига сабаб бўлмоқда.
«Биринчидан, COVID-19 инфекцияси билан касалланиш ва ўлим ҳолати статистикаси қанчалик ишончли?
Албатта, мамлакатдаги эпидемиологик вазият ҳақида кунлик маълумотлар эълон қилинмоқда. Масалан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 29 сентябрь (соат 10:00) ҳолатига кўра, 56 068 нафар кишида касаллик қайд этилган. Уларнинг 52 466 (94 фоизи) нафари даволаниб чиққан, ҳозирда тиббиёт муассасаларида 3 139 нафар бемор даволанмоқда.
Аммо уйда даволанаётган беморларнинг умумий сони-чи? Агар тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморлар бор-йўғи 3 139 нафар бўлса, нега ҳали ҳам шифохоналарда жой етишмаётгани ҳақида хабарлар келмоқда ва зудлик билан янги жойлар ташкил этилмоқда? Масалан, биргина Тошкентда қўшимча равишда 10 000 та ётоқ ўринлари ташкил этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги бир ҳафта давомида ўлим ҳолати тўғрисида умумий ахборот бермаяпти, кунлик статистик маълумот билан чекланмоқда холос. Бу маълумотларга фуқаролар шубҳа билан қараётгани кузатилмоқда.
Пневмония ва унинг натижасида бўлаётган ўлим ҳолатлари бўйича статистика ҳам аниқ эмас. Ваҳоланки, ЖССТ мамлакатларни ушбу икки кўрсаткични бирлаштиришга даъват этди. Масалан, Қозоғистон ва Қирғизистонда коронавирус ва коронавирус пневмониясидан ўлим статистикаси алоҳида эълон қилинмоқда.
Иккинчидан, аҳолининг коронавирусга тест топшириш қамрови таъминланмоқдами, таҳлил натижаларини қанчалик тез олиш имкони бор ва уларга ишониш мумкинми?
Давлатимиз раҳбари 15 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида коронавирусга ўз вақтида тест топшириш ва унинг натижаларини эртаси куни олиш учун мавжуд имкониятларни сафарбар қилишга топшириқ берган эди. Бироқ COVID-19га тест топшириш ва унинг жавобларини ўз вақтида олиш қийинлиги ҳақида шикоятлар ҳалигача жамиятнинг кун тартибида турибди.
















