Бугун, 28 сентябрь куни Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда Халқаро ахборотдан эркин умумфойдаланиш куни муносабати билан халқаро онлайн конференция ўтказилди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг ўринбосари Хушнудбек Худойбердиев конференцияда сўз олиб, журналистлар фаолиятида юзага келадиган низолар ва уларнинг ечимлари ҳақида гапирди.

«Ўзбекистонда 2016 йилдан кейин сўз эркинлиги томон қандай қадамлар ташлангани ҳеч кимга сир эмас. Шахсан биз буни ўз танамизда ҳис қилиб турибмиз, кўряпмиз. Сўз эркинлиги шамоли келиб, Ўзбекистон очиқ маълумотлар бериш, эркин журналистика сари шиддат билан қадамлар ташлаётган бир жараёнда янги кейслар пайдо бўляпти. Яъни низоларни суд орқали ҳал қилиш. Илгари бунақаси бўлмаган», деди у.

У илгари низоларни ҳал қилиш қандай бўлгани ҳақида гапирган.  

«Журналист билан боғлиқ бирор муаммога дуч келиб қолинса, нима қилинган? Телефон қилинган, айрим амалдорлар ўз амалидан фойдаланиб, босим қилган. Шу билан масала ҳал бўлган.

Ҳозир янги кейс пайдо бўляпти. Кўпчиликнинг ҳаммага ҳам босим орқали кучи етмаяпти. Бундай жараёнда улар энди журналистларни ва оммавий ахборот воситаларини чиқарган материали учун судга беришни бошлаяпти. Умуман олганда, бу – яхши сигнал. Сабаби, судга бердими, демак, у бошқа қинғир йўллардан – турли босимлар ва зўравонликдан фойдалана олмаган, бунга кучи етмаган, шунинг учун судга берган.

Судга бериш жараёнида энди бошқача савол туғилади. Илгари бундай жараён учрамаган бўлса, судьяларимиз ва адвокатларимиз медиа соҳасини қаердан яхши билади? Уларда бундай кейслар, бундай суд жараёнлари аввал бўлмаган. Журналистик фаолиятнинг ўзига хос жиҳатларидан хабари йўқ. Нима туҳмат, нима ҳақорат, қайси бири ахборот олиш эркинлиги, қайси бири ахборот тарқатиш эркинлиги ёки қайси бири шахснинг шаъни, қадр-қимматини бузувчи – мана шундай нозик чегараларда афсуски муаммо мавжуд», деди Хушнудбек Худойбердиев.

У журналистни айблайдиган инсонларга журналистикани тушунтириш кераклигини айтиб, судьялар ва адвокатларни соҳа бўйича ўқитиш фикрини илгари сурди.

«Масс-медиа соҳасида журналистлар, блогерлар, матбуот котибларини ўқитишимиз кераклиги тўғри, журналист келганида қўрқмаслиги учун балки ташкилот раҳбарларини ҳам ўқитишимиз керакдир. Лекин танганинг иккинчи томонида агар журналист бирор муаммога дуч келадиган бўлса, унинг масаласини кўрадиган судья қай даражада бу соҳани яхши тушунади? Журналистни ҳимоя қилмоқчи бўлаётган адвокат буни қай даражада яхши тушунади?