Ўрганиш натижаларига кўра, сентябрь ойининг охирги ўн кунлигида ички бозорлардаги айрим турдаги истеъмол товарлари нархларининг кескин ошиши кузатилди.

Хусусан, кунгабоқар ёғининг чакана нархи сентябрь ойининг бошига нисбатан 11 500 сўмдан 15 000 сўмга (ўсиш 30 фоиз), шакар маҳсулотининг нархи 6 000 сўмдан 7 000 сўмга (ўсиш 15 фоиз) ҳамда парранда тухуми нархи 1000 сўмдан 1300 сўмга (ўсиш 30 фоиз) ошганлиги кузатилди.

Ушбу истеъмол товарлари нархлари ошиши сабаблари қуйидагилар билан боғлиқ бўлган:

А) Кунгабоқар ёғи бўйича.

Республикада бугунги кунда 40 дан ортиқ кунгабоқар ёғи ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд.

Шу билан бирга, жорий йилнинг 9 ойи давомида 177 минг тонна кунгабоқар ёғи импорт қилинган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга кўп.

Кунгабоқар етиштирувчи асосий йирик давлатлардан бири ва республикага импорт қилинадиган маҳсулотнинг асосий қисми тўғри келган Россия Федерациясида кунгабоқар ҳосили жорий йилда ўтган йилга нисбатан 12 фоизга кам бўлиши кутилмоқда.

Россияда 2019 йилда 15,3 млн тонна кунгабоқар етиштирилган бўлиб, 2020 йилда ушбу кўрсаткич 13,5 млн тонна атрофида прогноз қилинмоқда.

Бу эса, ўз навбатида, маҳсулотнинг нархларига таъсир этди, хусусан Россия бозорида август ойида бир тонна кунгабоқар ёғи 750-800 долларни ташкил этган бўлса, ўтган ҳафтада нархлар 985-1050 долларни ташкил этиб, нархлар ўртача 30 фоиз ошган.

Бундан ташқари, Россия ички бозорида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун кунгабоқарнинг етишмаслиги сабабли маҳсулот экспортининг 4 йилга чекланиши масаласининг кўриб чиқилиши ҳам маҳсулот нархларининг шаклланишига таъсир қилган.

Б) Тухум маҳсулоти бўйича.

Президентнинг 2020 йил 19 июндаги ПФ–6011-сонли фармонига мувофиқ четдан келтирадиган парранда озуқа ва озуқа қўшимчалари, ветеринария препаратлари учун жорий йилнинг 1 октябридан қўшилган қиймат солиғи тўланиши кўзда тутилмоқда, бу эса ўз навбатида ушбу маҳсулотлар нархларининг 15 фоиз ошишига олиб келишини инобатга олиб, бозор иштирокчилари ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда нарх белгиламоқда.

Парранда озуқа базасининг асосий қисмини буғдой, соя шроти ва маккажўхори хом ашёси ташкил этиб, ушбу маҳсулотларнинг нархлари йил бошидан ўртача 10 фоизга ошган.