Жамият | 16:09 / 02.10.2020
34304
2 дақиқада ўқилади

Коронавируснинг оғир тури билан касалланганларда қандай асоратлар юзага келиши мумкинлиги ҳақида маълумот берилди

Коронавирус инфекциясининг оғир шакли билан касалланганлар организмида тромбоэмболия, тромбоз, ўпка артерияси тромбоэмболияси ёки ўткир коронар етишмовчилик каби полиорган ўзгаришлар юзага келади. Бу ҳақда коронавирусга қарши курашиш штаб аъзоси Барно Абдусаматова маълумот берди.

«Шу сабабли касалликдан тузалгандан кейин баъзи беморларда ўпка ҳаётий сиғимининг 20-30 фоизга камайиши, шунингдек, альвеолалар деворларида бириктирувчи тўқима юзага келиши туфайли касалликдан сўнг ўпка фибрози кузатилиши мумкин. Бу эса ҳарсиллаш, сурункали кислород етишмовчилигига олиб келади.

Бундан ташқари, бу касаллик юрак-қон томир тизимида, буйракларда ва асаб тизимида ҳам патологик ўзгаришларни келтириб чиқариши мумкин», деди Барно Абдусаматова АОКАда ўтказилган брифингда.

Шунингдек, коронавирусни оддий шамоллаш ёки гриппдан қандай фарқлаш мумкинлиги ҳақида ҳам маълумот берилди.

«Коронавирус касаллигида кўп учрайдиган айрим эрта белгилар шамоллаш ва грипп касаллиги белгиларига ўхшайди. Булар - тана ҳарорати кўтарилиши, умумий ҳолсизлик, иштаҳанинг йўқолиши, мушаклардаги оғриқ, таъм ва ҳид сезмаслик.

Бироқ коронавирус ўрта оғирликда ва оғир кечишида касалликнинг 5-7 кунига тана ҳарорати 38-39 даражадан ошади, нафас етишмовчилиги, ҳансираш пайдо бўлади, оддий шамоллаш ва гриппда эса 3-4 кундан кейин беморнинг аҳволи яхшилана боради.

Бундан ташқари, коронавирус касаллигини аниқ ташхислаш учун эпидемиологик анамнез, ПЗР текшируви жавоби мусбат бўлиши, кислород сатурацияси 94 фоиздан камайиши, КТсида характерли ўзгаришлар кузатилишини инобатга олишимиз керак», деди штаб аъзоси.

Мавзуга оид