2 октябрь куни Халқ депутатлари Навоий вилояти Томди тумани кенгашининг навбатдаги XIII сессияси бўлиб ўтди. Kun.uz мухбири хабар беришича, сессиясида туман ҳокими Қайрат Алдабергенов ҳамда сектор раҳбарлари йўл қўйилган камчиликлар учун томдиликлардан кечирим сўрашди.

2019 йил якунлари бўйича туманнинг «қониқарсиз» даражага тушиб қолишига қуйидаги омиллар сабаб бўлгани таъкидланган: 
— ушбу муддатда ишлаб чиқарилган ҳудудий саноат маҳсулотлари ҳажми 34,7 млрд сўмни ташкил этиб, вилоят бўйича 9-ўринни эгаллаган; 
— экспорт ҳажми жами 428,4 минг АҚШ долларини (аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 29 АҚШ долларини) ташкил этиб, вилоятдаги туманлар орасида 8-ўринни эгаллаган; 
— туманда аҳоли бандлиги даражаси 90,2 фоизни, хотин-қизлар бандлиги даражаси 87,7 фоизни ташкил этиб, вилоят бўйича энг паст кўрсаткич қайд этилган; 
— аҳоли жон бошига ишлаб чиқарилган истеъмол товарлари ҳажми 2,2 млн сўмни ташкил этиб, вилоят туманлари орасида 8-ўринни эгаллаган; 
— асосий капиталга киритилган умумий инвестициялар ҳажмининг (2 трлн 909 млрд сўм) 0,4 фоизинигина (12 млрд 997 млн сўм) тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ташкил этиб, бу кўрсаткич бўйича вилоятда 10-ўринни эгаллаган;
— Кичик бизнесда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 4759 млн сўмни ташкил этиб, вилоят бўйича энг паст кўрсаткич қайд этилган;
— 2019 йилда келиб тушган 88та мурожаатнинг фақатгина 47таси қаноатлантирилган.

Сессияда ушбу камчиликларни бартараф этиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш, аҳоли даромадларини ошириш бўйича сектор раҳбарларининг ҳисоботи ҳам тингланди.

Туман ҳокимининг билдиришича, камчиликларни бартараф этиш юзасидан бир қатор ишлар бошлаб юборилган. Жумладан, жорий йил якунигача туманда умумий қиймати 50,9 млрд сўмлик 10та лойиҳани ишга тушириш орқали саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 42,3 млрд сўмга етказиш кутилмоқда. 2021 йилда эса 199,5 млрд сўмлик 18та лойиҳа фаолияти йўлга қўйилади ва 62,4 млрд сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Бундан ташқари, туманни 2020-2021 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида қиймати 401,5 млрд сўмлик 94та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали 770та янги иш ўрни яратилади. «Томдибулоқ» овулидаги бўш турган 50 гектар ер майдонида саноат зонасини ташкил этиш ва бу ерда 7та импорт ўрнини босувчи йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш ҳам кўзда тутилмоқда.