Ўзбекистон | 13:03 / 03.10.2020
59771
2 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева Наманганда мажбурий ижро чоғида ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлган аёл воқеасига муносабат билдирди

Наманган шаҳрида истиқомат қилган 35 ёшли аёл 29 сентябрь куни икки ярим йил муқаддам сотиб олинган уйидан мажбуран чиқармоқчи бўлган МИБ ходимларига ўз норозилигини билдириб, ўзига ўт қўйган ва танасининг катта қисми куйиши оқибатида вафот этган эди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Янгиқўрғон туманида қилган чиқишида ушбу воқеага ўз муносабатини билдириб ўтди.

“Бу ҳолатни мен мутлақо қоралайман. Балким бу ўринда аёл қайсидир маънода ноҳақдир, Мажбурий ижро бюроси тўғри талабни қўйгандир.

Лекин шунда ҳам аёлнинг ҳолатини тушуниш мумкин эди. Оддий гаплашганда ҳам кимдир чарчаб қолган, кимдир асабийлашган, кимдир ўзини тутолмаётганини сезиш мумкин. Бу ҳам айб эмас, унинг саломатлигида қандайдир муаммо кузатилаётган бўлиши мумкин.

Мана шундай ҳолатда Мажбурий ижро бюроси ўзининг ички қарори билан ижрони маълум бир муддат кейинроққа суриши, аёл ўзига келгач, яқинлари орқали тушунтириб, сўнгра яна шуғулланиши мумкин эди.

Бу ҳолатда Мажбурий ижро бюросининг ҳам хатоси бор, деган хулосага келдим”, — деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида қилган чиқишида.

Наманган шаҳар прокуратураси терговчиси Музаффар Исмоиловнинг Kun.uz’га маълум қилишича, мажбурий ижро вақтида ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлган аёл воқеаси бўйича шаҳар прокуратураси ЖКнинг 103-моддаси 1-қисми (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноий иш қўзғатган.

Мавзуга оид