Бекобод туманида яшовчи Ғайбулла Худойбердиевнинг давлат белгилаган шартлар асосида, онлайн аукционда қатнашиб, савдо дўкони қуриш учун 2 сотих ер сотиб олгани атрофдагиларга ёқмади. Мулк ҳуқуқи шубҳали бўлган «мулкдор»лар дарров туман прокурорига чопиб боришди.
Прокурор эса масаланинг моҳиятини чуқурроқ ўрганиб ҳам ўтирмасдан, андишанинг отини қўрқоқ қўйди чоғи, тадбиркор қонуний йўл билан сотиб олган ер участкасини давлат захирасига қайтаришга киришди. Бу ишда унга Бекобод туман маъмурий суди «кўмаклашиб» юборди. Ҳаммаси хамирдан қил суғургандек, осон битди. Ҳокимнинг ерни аукционга чиқариш тўғрисидаги қарори бекор бўлди, ер эса захирага қайтарилди. Бу сафар воқеанинг тафсилотларига батафсил тўхталмаймиз, зеро бу ҳақда ҳар томонлама тўла баён этилган мақоламизни ўқиган бўлсангиз керак.
Бахтсизликни қарангки, давлатдан алданиб қолмаслигига ишонган содда тадбиркор бу вақтга келиб бор-будини сарфлаб, ер участкаси устида бино қуриб қўйган эди. Олий судда иши кўрилаётганини айтиб, бузишни бироз кечиктириб туришни илтимос қилишига қарамай, бино бир зумда ер билан яксон қилинди.
Дарҳақиқат, Ғайбулланинг адолат йўлидаги курашлари Олий судда ҳали давом этиб турган бир вақтда у бунёд этган (қурилиши тугалланмаган) савдо дўкони биноси МИБ томонидан аёвсиз тарзда бузиб ташланди. Бу бузишнинг ортида танқиддан ўзини ҳақоратлангандек ҳис қилган туман прокурори турган бўлса не ажаб...


Kun.uz’да мақола эълон қилингач, ушбу ҳолат Тошкент вилоят прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилиб, расмий муносабат билдирилганди. Энг қизиғи, вилоят прокурори С.И.Самадовнинг имзоси билан йўлланган бу муносабатда Kun.uz таҳририяти нохолисликда айбланди.
Бундан ташқари, вилоят прокуратураси ҳам худди туман прокуратураси каби зўр бериб, И.Сувонқуловни мулкдор ва иш бўйича манфаатдор эканини, бу қурилиш унинг манфаатларига зиён етказаётганини исботлашга уринди.





















