Ўзбекистон | 08:10 / 08.10.2020
10237
3 дақиқада ўқилади

Тошкент метрополитени Сергели йўналишини қуриш ишлари якунланмоқда 

Фото: Транспорт вазирлиги

Тошкент метрополитени Сергели йўналишини қуриш ишлари якунланмоқда. Сергели — Олмазор метро йўналишида рельсларни ўрнатиш ишлари тугатилиб, бекатларда сўнгги пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.

Транспорт вазирлиги хабарига кўра, умумий қиймати 82,66 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳада дастлабки қурилиш ишлари 2017 йил бошида бошланган. Лойиҳа “Чоштепа”, “Тошкент ҳалқа йўли”, “Сергели”, “Афросиёб” ва “Қипчоқ” бекатларидан иборат. Бугунги кунда ушбу объект қурилиш ишларида 1 минг 200га яқин мутахассислар ва ишчи-ходимлар, юздан ортиқ машина ва техникалардан фойдаланилмоқда.

Қурувчилар томонидан ҳозиргача “Чоштепа”, “Тошкент ҳалқа йўли”, “Сергели”, “Афросиёб” ва “Қипчоқ” бекатларида асосий қурилиш ишлари якунланиб, ташқи ва ички қисмларга безак бериш ишлари амалга оширилмоқда. Шу кунгача бекатлар оралиғидаги икки йўлли пўлат изларнинг жами 12,8 километр қисмига темир йўл излари тўлиқ ётқизилди. 

“Чоштепа” бекати Чилонзор йўналишидаги “Олмазор” ер ости бекати билан боғланади. Ушбу йўналишнинг туннель қисми Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналишидаги “Олмазор” ер ости бекатига уланди. “Чоштепа” бекати янги линиянинг дастлабки эстакада шаклидаги бекати бўлади. Ундан кейин эса “Тошкент ҳалқа йўли” бекати келади. Ушбу йўналиш “Сергели”, “Афросиёб” ва “Қипчоқ” бекатлари билан якун топади. Бу бекатларда ҳам ерда асосий қурилиш ишлари тугатилиб, перронларни пардозлаш, эскалатор ўрнатиш, метро поездлари учун электр энергиясини монтаж қилиш, электр ёритиш учун коммуникация кабелларини улаш ишлари олиб борилмоқда.

Бекатларнинг кириш, чиқиш ҳудудлари кўриниши жиҳатидан бир-бирини такрорламайди, йўловчилар учун қулайликлар яратилиши кўзда тутилган. Имконияти чекланганлар учун бекатлар платформасида хавфсиз тактил плиткалар ётқизилиши ҳамда йўловчиларнинг платформаларга кўтарилиши учун замонавий лифт ва эскалатор, хавфсизликни таъминлаш мақсадида эса бекатларга замонавий видеокузатув ускуналари, IT русумдаги турникетлар ҳамда электр тежайдиган ёритиш чироқлари ўрнатилади. Мобиль алоқа ускуналари учун электр қувватлагичлар бўлади.
  
Сергели метро йўналишида қурилиш ишлари тўлиқ тугатилгач, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва Россиянинг “Метровагонмаш” акциядорлик жамияти ўртасидаги келишувга кўра Тошкент шаҳридаги ер усти метрополитени учун ҳар бири 4 вагондан иборат метро поездлари мазкур янги йўналишда ҳаракатланади.

Мавзуга оид